Жаҳон | 13:26 / 27.08.2024
2982
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россиянинг Украина энергетика тизимига зарбасини кескин қоралади

АҚШ президенти Жо Байден Россиянинг Украина энергетика тизимига берган зарбасини кескин қоралади. Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жо Кирби айтишича, Вашингтон Киевга ҳаво мудофааси ва энергетика тизимини мустаҳкамлашда ёрдам беришда давом этади.

Фото: Telegram / dnipropetrovskaODA

АҚШ президенти Жо Байден 26 август, душанба куни Россия қуролли кучларининг Украина энергетика тизимига тунда ва эрталаб амалга оширган оммавий зарбасини кескин қоралади.

«Украина ҳукумати бу даҳшатли ҳужум Украина фуқароларининг ўлими ва 20 дан ортиқ муҳим энергетика инфратузилмасига зарар етказганини билдирмоқда, - деди Байден. - Россиянинг Украинага қарши давом этаётган урушини ва унинг Украина халқини зулматда ўтиришга мажбурлаш уринишларини кескин қоралайман. Россия Украинада ҳеч қачон ғалаба қозонмайди ва украиналикларнинг руҳи синмайди».

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби айтишича, Қўшма Штатлар Украина билан ҳаво мудофааси ва энергетика инфратузилмасини мустаҳкамлаш устида ишламоқда. Шу билан бирга, Кирби «Украинага нафақат АҚШдан, балки иттифоқчилари ва ҳамкорларидан ҳам тутиб олувчи ва ҳаво ҳужумидан мудофаа қурилмалари келиши» муҳимлигини таъкидлади. 

9 июл куни Вашингтондаги НАТО саммити очилишида нутқ сўзлаган Байден Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Киевга яна бешта ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини, жумладан, тўртта Patriot зенит-ракета комплексини етказиб беришга ваъда берди. Аввалроқ Германия Украинага ана шундай учта ЗРКни топширган эди. 

Украинага кенг кўламли ҳужум

26 август куни тунда ва эрталаб Россия қуролли кучлари Украинага 236 та ракета ва ҳужумкор дронларни учирди, улардан 102 та ракета ва 99 та УУА уриб туширилди - бу рақамларни Украина Ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук ўзининг Telegram-каналида келтирди. Ҳужумнинг асосий мақсади мамлакат энергетика инфратузилмаси эди. Натижада, Зеленскийнинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар ва ўнлаб ярадорлар бор. Жумладан, Киев ГЭС зарар кўрди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид