Жаҳон | 22:26 / 27.08.2024
4238
2 дақиқада ўқилади

Кир Стармер Британияни оғир иқтисодий келажак кутаётганидан огоҳлантирди

Бош вазирнинг сўзларига кўра, охирги бир неча ҳафта ичида давлат бюджетида 22 млрд фунт стерлингли «тешик» топилган ва у олдинги ҳукумат томонидан яшириб келинган.

Фото: PA images

Буюк Британияда 30 октябр куни қабул қилинадиган давлат бюджети жамият учун «оғриқли» бўлади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Кир Стармер Даунинг-стритда жойлашган қароргоҳидаги чиқиши давомида маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, қиролликдаги иқтисодий вазият «тасаввур қилганидан анча ёмон» ва у «яхшиланишидан олдин янада ёмонлашади».

«Дастлабки бир неча ҳафта давомида биз давлат бюджетида 22 миллиард фунт стерлингли «тешикни» топдик ва кимдир «Вой, бу шунчаки кўзбўямачилик ёки сиёсий ўйинлар», дейишидан олдин, келинг, Бюджет масъулияти бюроси бундан бехабар бўлганини айтиб ўтамиз… Олдинги ҳокимият буни яшириб келгани сабаб улар буни билмаган», — дейди Стармер.

Бош вазирнинг таъкидлашича, у солиқларни оширмаслик (соғлиқни сақлаш миллий тизими бўйича ставка, ҚҚС ва даромад солиғи) бўйича сайловолди ваъдасида туради ва бюджет лойиҳасида ушбу солиқларни ошириш кўзда тутилмаган.

Кир Стармер барча ўз қилмиши учун жавоб берадиган вақт келганини айтди. У ўз навбатида Британия кўл ва дарёларининг ифлосланишига йўл қўйган сув таъминоти операторларига қўлланган жарималар ва Саутпортда уч нафар ўсмирнинг ўлимидан кейин юзага келган тартибсизликлар иштирокчиларини эслаб ўтган. Страмернинг қўшимча қилишича, қамоқхоналарда жой қолмагани сабаб айрим маҳбусларнинг муддатидан олдин озод этилиши — фавқулодда мажбурий чора.

«Улар қамоқхоналаримизни қай аҳволга солганидан хабар топганимда қанчалик ҳайратга тушганимни тасвирлаб бера олмайман. Мен шанба кунгача қамоқхона қура олмайман», — дейди Британия бош вазири.

Мавзуга оид