Жаҳон | 18:15 / 30.08.2024
3420
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Полша эҳтимолий диверсантнинг қочишига ёрдам берган

Журналистларга кўра, Полша расмийлари Берлиннинг «Шимолий оқим» газ қувурларини портлатишда гумон қилинган украиналикни ҳибсга олиш ҳақидаги илтимосига жавоб бермаган.

Фото: Swedish Coast Guard/AP/dpa/picture alliance

2024 йилнинг май ойида Германия федерал судининг «Шимолий оқим-1» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларини портлатишда гумон қилинаётган диверсантни ҳибсга олиш учун ордер беришидан бир неча кун олдин, Украина фуқароси Владимир Ж. Ғарбий Европа бўйлаб бемалол саёҳат қилган ва ҳатто Берлинда тўхтаб ўтган. Бу ҳақда Der Spiegel нашри, ZDF телеканали ва Даниянинг DR телекорпорациясининг 29 август, пайшанба куни чоп этилган қўшма мақоласида айтилади.

Журналистик суриштирувда қайд этилганидек, агар ордер сал олдинроқ чиқарилганида, гумонланувчи Германия ҳудудида ҳибсга олиниши мумкин эди, бироқ у нафақат мамлакатни тарк этишга, балки немис адлия тизимидан бутунлай яширинишга ҳам улгурди. Полша бу борада Владимир Ж.га ёрдам берган бўлиши мумкин.

Владимир Ж. июн ойи бошида Европа қидирувига берилган ва 21-куни ордер Полшага юборилган. Полша прокуратураси гумонланувчини ҳибсга олишга ваъда берди, деб ёзади нашр хавфсизлик тизимидаги манбаларга таяниб. Бироқ, у буни қилмади. Полша расмийлари қидирувдаги шахсни ҳибсга олиш бўйича қонуний бурчларини бажармаган. 6 июл куни гумонланувчи Полша ҳудудини тарк этиб, Украинага киришга муваффақ бўлган. Суриштирувчилар ёзганидек, Берлин Владимир Ж. Варшава томонидан олдиндан огоҳлантирилган деб биляпти, полшаликлар эса уни «қаҳрамон» сифатида кўрган. Нашрда таъкидланишича, Германия расмийлари Варшавадан норози. Полякларга бундай ҳаракати кечирилмайди, дейди Германия хавфсизлик манбалари.

Владимир Ж. Полша-Украина чегарасини Украинанинг Варшавадаги элчихонаси ишлатган дипломатик рақамлари бўлган машинада кесиб ўтган, дейилади нашрда. Владимир Ж. ўзи журналистларнинг «Шимолий оқим»даги диверсияларга алоқадорлиги ҳақидаги сўровларига жавоб бермади. Газ қувурларида портлашлар 2022 йил сентябр ойида содир бўлган. Немис терговчилари газ қувуридаги портлашларда уч украиналик дайвинг йўриқчилари иштирок этган деб ҳисобламоқда.

Мавзуга оид