Жаҳон | 15:19 / 30.08.2024
1872
2 дақиқада ўқилади

Ота-оналар стресси АҚШда жамоат саломатлиги муаммосига айланмоқда – шифокор

Америкалик бош жарроҳ ҳукуматни ота-оналарни қўллаб-қувватлаш дастурларига кўпроқ маблағ ажратишга чақирди.

Фото: Getty Images

Америкалик бош жарроҳ Вивек Мерти замонавий стресснинг ота-оналар руҳий саломатлигига таъсири ҳақида ҳисобот эълон қилиб, ҳукумат, бизнес ва жамоат ташкилотларини уларни қўллаб-қувватлаш учун ресурсларни кўпайтиришга чақирди. Бу ҳақда Daily Mail хабар бермоқда.

Мерти ўқотар қуролдан фойдаланиш билан боғлиқ зўравонлик ва ижтимоий тармоқларнинг ёшларга таъсири билан боғлиқ хавфларни ёритувчи тавсиялар эълон қилган. Ҳужжатда ота-оналарда стрессни келтириб чиқарадиган муаммоларнинг узун рўйхатини ҳам келтирган. Унда, шунингдек, сиёсатни ўзгартириш, ота-оналар ва бошқа васийларни, умуман олганда оилаларни жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватлашни яхшилашга чақирилган.

Мерти федерал ва маҳаллий ҳукумат ота-оналарни қўллаб-қувватлаш дастурларига кўпроқ маблағ ажратиши, пул тўланадиган таътиллар, тиббий кўрик ва психиатрия ёрдами билан таъминлаши зарурлигини таъкидлайди.

У ота-оналарнинг руҳий саломатлиги фарзандларга таъсир қилишини алоҳида қайд этди.

Ёшларнинг руҳий саломатлиги инқирози ортида ота-оналар ўртасидаги инқироз бор, уларнинг аксарияти чуқур стресс остида ва ўз руҳий саломатлигида муаммоларига дуч келишмоқда. Агар чиндан болаларга ёрдам беришни истасангиз, ота-оналарга ёрдам беришингиз керак”, — дейди у.

Тавсияда иш берувчилар стрессни бошқариш, иш ва шахсий ҳаёт мувозанатини сақлаш бўйича ўқув дастурларини амалга оширишга чақирилади. Бундан ташқари, Мерти тиббий ёрдам ва ижтимоий хизматларга ота-оналарнинг руҳий саломатлигини текширишни тавсия қилади.

Унинг сўзларига кўра, дунёдаги тахминан 63 миллион ота-она ва васийларнинг 48 фоизи ўзини тўлиқ стресс остида деб билади. Бундан ташқари ота-оналар, айниқса ёлғиз ота-оналар юқори даражадаги ёлғизликка дуч келмоқда, деб қўшимча қилди америкалик бош жарроҳ.

Мавзуга оид