Жаҳон | 21:02 / 30.08.2024
2453
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи давлатларининг мудофаа харажатлари 300 млрд еврогача ошди

Еврокомиссия раиси Урсула фор дер Ляйеннинг таъкидлашича, Европанинг «мудофаа саноати янги реаллик томон қадам ташлаган».

Фото: DPA

Европа Иттифоқига анча кучли Европа мудофаа таянчи керак, НАТО эса Европанинг коллектив мудофаа маркази бўлиб қолиши лозим, дея маълум қилди Еврокомиссия раиси Урсула фор дер Ляйен.

«Биз, европаликлар ҳар қандай эҳтимолий душманларни тутиб қолиш ва мудофаа учун воситаларга эга бўлишимиз керак. Биз аллақачон мисли кўрилмаган ютуқларга эришдик. Аъзо давлатлар мудофаа харажатларини (Украинада уруш бошланганидан бери) 200 миллиард евродан ортиққа оширди… жорий йилда қарийб 300 миллиард еврога етди», — дейди у Прагада ўтказилган хавфсизлик бўйича халқаро конференцияда.

Урсула фор дер Ляйеннинг сўзларига кўра, Европанинг «мудофаа саноати ҳам янги реалликка қадам ташлаган». «Биз ишлаб чиқариш тармоқларини қайта тикладик. Янги буюртмалар беришни бошладик ва бюрократик югур-югурларни қисқартирмоқдамиз», — дея таъкидлайди Еврокомиссия раиси.

«Аммо бу етарли эмас. Ҳақиқат шуки, европаликлар ҳозирги хавфсизлик таҳдидларини жиддий қабул қилсалар ҳам, мудофаа саноатимизни қайта ташкил этиш учун вақт ва катта сармоя керак бўлади. Мақсадимиз қитъа миқёсида мудофаа саноатини яратиш бўлиши керак», — дейди у.

Еврокомиссия раисининг таъкидлашича, «Марказий Европа мудофаа соҳасидаги янги бозорнинг етакчисига айланиш учун яхши позицияга эга».

Аввалроқ Буюк Британия Мудофаа вазирлиги бюджети жорий молиявий йилда тахминан 20 фоизга қисқартирилиши айтилган эди. Нашр маълумотларига кўра, гап қуролли кучларни модернизация қилишни назарда тутувчи бюджет моддалари ҳақида кетмоқда. Полша эса 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджетидан мудофаа учун рекорд даражада маблағ — 48,7 миллиард доллар ажратади.

Мавзуга оид