Жаҳон | 23:05 / 31.08.2024
3242
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда 1,8 мингга яқин мактаб Starlink орқали интернетга уланди

Бугунги кунда мамлакатдаги 1757 та мактабда Starlink сунъий йўлдошли интернет тармоғи ўрнатилган, бунинг натижасида уланиш тезлиги уч баробарга ошган.

Фото: Getty Images

Қозоғистон ҳукумати SpaceX компаниясининг Starlink терминаллари ёрдамида деярли 1,8 минг мактабни интернетга улади, деб хабар беради Report.az.

«Рақамли инфратузилмани ривожлантириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда 1757 та мактабда Starlink сунъий йўлдошли интернет тармоғи ўрнатилди, бунинг натижасида уланиш тезлиги уч баробарга ошди. 122 та мактабда интернет тармоғига уланиш ишлари тугалланмоқда. Шу билан бирга барча дарсликларни рақамлаштириш якунланган бўлиб, ўқувчилар 11 та платформа орқали уларнинг электрон версиясидан фойдаланишлари мумкин», — дейилади хабарда.

Қозоғистон ҳукуматининг матбуот хизматига кўра, жорий йилда мамлакатдаги 15 университетда Generative AI дастури доирасида 12 минг талаба учун сунъий интеллект бўйича Google курслари ҳам ўқитилади. Шу билан бирга, Google for Education пилот лойиҳасида иккита олий таълим муассасаси иштирок этади.

Starlink интернет қиммат ёки умуман мавжуд бўлмаган жойларда юқори тезликдаги интернетга киришни таъминлаш учун SpaceX томонидан жойлаштирилган глобал сунъий йўлдош тизими ҳисобланади. 2024 йил феврал охирларида Қозоғистонга Starlink тизимининг дастлабки 500 та тўплами етиб келгани тўғрисида хабар берилганди. Ўшанда ушбу қурилмалар қишлоқлардаги 2 мингта мактабни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаши айтилган эди.

Мавзуга оид