Жаҳон | 12:05 / 03.09.2024
1680
4 дақиқада ўқилади

Германия ҳукумати: Берлин Киевни қўллаб-қувватлашдан бош тортмайди

Саксония ва Тюрингиядаги маҳаллий сайловлар натижалари Берлиннинг Украинани қўллаб-қувватлашдан бош тортишига олиб келмайди, деди Германия ҳукумати расмий вакили ўринбосари.

Фото: Fabrizio Bensch/REUTERS

Саксония ва Тюрингия ландтагларига 1 сентябр куни бўлиб ўтган сайлов натижалари, унда Киевга қурол етказиб беришга қарши бўлган ва Украинадаги урушни дипломатик йўллар билан тўхтатиш тарафдори бўлган партиялар сайловчиларнинг катта қўллаб-қувватловига эга бўлиши Берлиннинг Украинага ёрдамни давом эттириш қарорига таъсир қилмайди. Бу ҳақда 2 сентябр, душанба куни Германия ҳукумати матбуот котиби ўринбосари Кристиан Хоффман Берлиндаги матбуот анжуманида маълумот берди.

Савол шундай эди: «Берлиннинг Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича позицияси, бу қўллаб-қувватлашга қарши бўлган томонлар Саксония ва Тюрингия ландтагларига сайловларда жуда кучли натижалар кўрсатганини ҳисобга олсак, ўзгарадими?» 

«Бизнинг позициямиз, Германия федерал ҳукуматининг Украинага нисбатан позицияси мутлақо аниқ, биз Украинани Россия урушига қарши мудофаа курашида қўллаб-қувватлаймиз, буни федерал канцлер ва бошқалар бир неча бор таъкидлаган. Агар керак бўлса - ҳарбий, гуманитар, молиявий соҳаларда жуда кенг қамровли воситаларни жалб қилган ҳолда буни давом эттирамиз», деб таъкидлади Хоффман. 

Ундан олдин у Саксония ва Тюрингиядаги маҳаллий сайловлар натижалари ҳақида изоҳ бермаслигини таъкидлади, чунки Олаф Шолц аввалроқ Германия Социал-демократик партиясидан (ГСДП) депутат сифатида ушбу мавзуда гапирган эди. 

Германиядаги маҳаллий сайловда урушдан кейинги тарихда биринчи марта ўнглар ғалаба қозонди 

Германиянинг шарқий қисмидаги Турингия федерал ерида Ландтаг (ер парламенти)га сайловларда ўта ўнг «Германия учун муқобил» (ГуМ) партияси ғалаба қозонди. 

Буни Германиянинг ARD жамоат телевидениесининг экзитпол маълумотлари тасдиқлайди.

Сўров натижаларига кўра, «Германия учун муқобил» 30,5 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда. 

Шу тариқа, урушдан кейинги тарихда биринчи марта ўта ўнг партия Германияда ер сайловларида биринчи ўринни эгаллади. 

Германия Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини топширди 

Германия Украинага IRIS-T ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини топширди. Бу ҳақда Германия ҳукумати веб-сайтидаги хабарда айтилган. 

Комплекслар Киевга янги ҳарбий ёрдам пакетининг бир қисми сифатида етказилиб берилди.

Тўпламга қуйидагилар ҳам кирди: Bergepanzer 2 эвакуация машинаси, 26 та «Вектор» разведкачи учувчисиз учиш аппаратлари, 6 та муҳандислик экскаватори, 14 000 та 155 мм снарядлар, 55 000 та биринчи тиббий ёрдам тўплами ва милтиқлар.

ЕИ Германияда Украинага ёрдам масаласидаги баҳслардан хавотирда 

Германиянинг яқин йилларда Украинага ҳарбий ёрдамини қисқартириши «жуда ташвишли бўлади», деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел 23 август куни Испаниянинг Сантандер шаҳрида сўзлаган нутқида. «Шу пайтгача Германия Украинанинг энг йирик қўллаб-қувватловчиси бўлиб келган, дея қўшимча қилди Боррел. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда Берлин Европа Иттифоқининг Киевга умумий ёрдамига жуда катта ҳисса қўшмоқда. 

Киевга ҳарбий ёрдамни давом эттириш ҳақидаги мунозаралар Берлиннинг 2025 йилдаёқ унинг ҳажмини камайтириш режалари фонида давом этмоқда. Frankfurter Allgemeine Sonntagszeitung (FAS) газетаси 17 август куни Германия ҳукумати Украинага яқин келажакда қўшимча молиявий ёрдам бермоқчи эмаслигини ёзди. FAS ички ҳукумат ҳужжатлари ва ўз манбаларидан аниқлашича, Киевга фақат илгари маъқулланган ёрдам кўрсатилади, канцлер Олаф Шолцнинг илтимосига биноан Германия Мудофаа вазирлигининг бошқа сўровлари тасдиқланмайди. FAS маълумотларига кўра, бу ҳақда Германия молия вазири Кристиан Линднернинг 5 августда мудофаа вазири Борис Писториусга йўллаган мактубида айтилган.

Мавзуга оид