Жаҳон | 10:47 / 03.09.2024
3166
3 дақиқада ўқилади

Исроилда умумий иш ташлаш муддатидан аввал тугатилди

Меҳнат муносабатлари суди иш ташлашни сиёсий характерга эга деб топди ва иш ташлаш бошланганидан 8 соат ўтиб уни тугатишга буйруқ берди.

Фото: AP

Исроилнинг Ҳистадрут касаба уюшмалари конфедерацияси раҳбари Арнон Бар-Давид 2 сентябр, душанба куни Ғазо секторида гаровга олинганларнинг оилалари билан бирдамлик учун эрталаб бошланган умумий иш ташлаш якунланганини маълум қилди. Унинг баёноти Бат-Ям шаҳри меҳнат муносабатлари судининг иш ташлашни муддатидан олдин тўхтатиш тўғрисидаги қароридан кейин чиқди. «Биз қонуний давлатда яшаяпмиз ва суд қарорини ҳурмат қиламиз, шунинг учун мен барчани соат 14.30 да ишга қайтишга чақираман. Бирдамлик эътирози муҳим қадам бўлганини таъкидлаш муҳим ва мен буни қўллаб-қувватлайман», - деди Бар-Давид.

Касаба уюшмаси раҳбари иш ташлашни юз минглаб Исроил фуқаролари қўллаб-қувватлаганини таъкидлаб, барча иштирокчиларга кўрсатган ёрдамлари учун миннатдорчилик билдирди. 

Молия вазирлиги иш ташлашни тугатишга қарор қилди

Аввалроқ Исроил Молия вазирлиги касаба уюшмаларининг иш ташлашни ўтказиш қарори устидан апелляция берган ва меҳнат суди унинг сиёсий характерга эга эканлиги ҳақидаги далилларга рози бўлиб, уни муддатидан олдин тугатишни буюрганди. Дастлаб, 2 сентябр куни эрталаб соат 8 да бошланган иш ташлаш эртаси куни эрталаб соат 6 га қадар давом этиши керак эди.

Иш ташлашга бевосита сабаб Ғазо секторида гаровга олинган олти нафар исроилликнинг жасади топилгани бўлди. Бунинг ортидан мухолифат ва касаба уюшмалари асирларни озод қилиш учун зудлик билан келишувга эришиш мақсадида Бинямин Нетаняҳу ҳукуматига босим ўтказиш учун оммавий норозилик намойишларини ўтказишга чақирди. 

Яқин Шарқдаги кескинлашув

2023 йил 7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 40,7 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид