Жаҳон | 20:38 / 05.09.2024
4129
2 дақиқада ўқилади

КХДР Жанубий Кореяга 420 та чиқинди шарини учирди

Жанубий Корея Қуролли кучлари Бош штабининг маълум қилишича, шарларнинг 20 га яқини Корея яримороли шимоли-ғарбидаги ерларга, хусусан, Кёнги провинциясига келиб тушган.

Фото: AP

КХДР яна бир бор чиқинди юкланган ҳаво шарларини Жанубий Корея томон учирди. Бу ҳақда Жанубий Корея қуролли кучлари хабар берди.

Қайд этилишича, Шимолий Корея бу сафар 420 та шарни учирган бўлиб, уларнинг биринчи партияси 4 сентябр куни кечаси юборилган. 5 сентябр тонгида яна янги ҳаво шарлари учиб келгани аниқланган. Жанубий Корея Қуролли кучлари Бош штабининг маълум қилишича, шарларнинг 20 га яқини Корея яримороли шимоли-ғарбидаги ерларга, хусусан, Кёнги провинциясига келиб тушган.

Ҳаво шарлари ичида асосан инсон соғлиғига хавф туғдирмайдиган қоғоз ва пластик чиқиндилар бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 24 июл куни Жанубий Кореянинг Yonhap ахборот агентлиги КХДРдан келган ҳаво шари Жанубий Корея президенти идораси биносига қўнгани тўғрисида хабар берганди.

Май ойидан бери Шимолий Корея жанубий чегара орқали икки мингга яқин ҳаво шарларини учирди, уларга чиқинди ва гўнг солинган қоплар илиб қўйилган. Шимолий Корея расмийлари аввалроқ уларнинг жанубий қўшнисига «самимий совға»лари «чегара ҳудудига ташвиқот материаллари ва чиқиндиларнинг тез-тез сочиб юборилишига жавоб» эканини таъкидлаган эди.

Шу тариқа Шимолий Корея жанубий кореялик фаолларнинг Шимолий Корея раҳбариятини танқид қилувчи варақалар, яриморол жанубидаги демократик жамият ҳақида маълумот берувчи ва шимолда тақиқланган Жанубий Корея поп-гуруҳларининг мусиқий видеолари бўлган USB’лар бўлган шарларни учираётганига жавоб қайтармоқда.

Мавзуга оид