Жаҳон | 12:00 / 09.09.2024
1846
2 дақиқада ўқилади

Бразилияда Х ижтимоий тармоғи блокланишига қарши намойишлар бўлиб ўтди

45 мингга яқин киши Бразилияда Х ижтимоий тармоғини блоклашга буйруқ берган Олий суд судясини лавозимидан четлаштиришни талаб қилди.

Фото: Ettore Chiereguini / AP

Бразилиянинг Сан-Паулу ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида унинг мустақиллик куни, 7 сентябрда ўн минглаб одамлар Х ижтимоий тармоғи блокланишига қарши норозилик билдириш учун йиғилди.

Сан-Паулу университети маълумотларига кўра, Бразилиянинг собиқ президенти Жаир Болсонару иштирокидаги митингда 45 мингга яқин одам қатнашган, хусусан, улар Илон Маскнинг Х ижтимоий тармоғини мамлакатда блоклашга буйруқ берган федерал олий суд судяси Алешандре де Мораэснинг истеъфосини талаб қилишган. 

Хабар қилинишича, митинг иштирокчилари «Демократия» ва «Озодлик» ёзувларини кўтариб олган, собиқ давлат раҳбари Болсонару эса: «Биз конституциямиз доирасидан ташқарига чиққанларни тўхтатамиз», дея маълум қилган. Шундай қилиб, у Мораэснинг истеъфоси талабига қўшилди.

Бразилия суди X платформасини блоклашга қарор қилди

Бразилия Федерал олий суди судяси Алешандре ди Мораис Миллий телекоммуникация агентлигига Х ижтимоий тармоғининг бутун мамлакат бўйлаб ишини 24 соат ичида тўхтатишни буюрди, деб хабар берди жаҳон ОАВ 30 август куни.

Бразилиянинг Globo телеканали ўз сайтида таъкидлаганидек, аввалроқ америкалик миллиардер Илон Маскка тегишли микроблоглар сервиси мамлакатдаги қонуний вакилини 24 соат ичида тайинлаш талабига амал қилмаган. X'дан фойдаланишни тақиқлашни четлаб ўтишга ҳаракат қилган ҳар қандай шахс ёки компания, масалан, VPN'дан фойдаланган ҳолда, кунига 50 000 реал жарима тўлаши керак, дея қарор қилди судя.

Суд қарорларига муносабат билдирган Маск ўзининг X саҳифасида шундай ёзган: «Алешандре ди Мораис - ўзини судя қилиб кўрсатувчи диктатор».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид