Жаҳон | 13:40 / 09.09.2024
5012
4 дақиқада ўқилади

Украина асирга олинган россияликларга уйга қўнғироқ қилишни тақиқлайди

Россиялик ҳарбий хизматчиларни асирликда сақлаш шартлари янада қаттиқлашади, лекин Женева конвенцияларига амал қилинади, деди Украина омбудсмани Дмитрий Лубинец.

Фото: Getty Images

Украина россиялик аскарларни ўз қариндошлари билан телефон орқали қўнғироқлашиш имкониятидан маҳрум қилиб, ҳибсда сақлаш шартларини кучайтиради. Бу ҳақда Олий раданинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец 7 сентябр куни Украина телемарафонида маълум қилди.

Омбудсманнинг тушунтиришича, асирликда бўлган россиялик ҳарбийларга илгари ўз ватанларига қўнғироқ қилиш ҳуқуқи берилган, гарчи бу ҳарбий асирларни сақлаш шартларини белгиловчи Женева конвенцияларига кўра талаб қилинмаса ҳам. Шу билан бирга, россияликлар халқаро шартномаларда мустаҳкамланган ёзишиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар.

Украина қатллар видеоларидан кейин ҳибсда сақлаш шароитларини кучайтирди

Лубинец Украина қуролли кучларининг Россия Федерациясига таслим бўлишга уринган аскарлари қатл этилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ бериб, Киевнинг россиялик ҳарбий асирларга муносабати ўзгаргани ҳақида хабар қилди. Сентябр ойи бошида Американинг CNN телеканали шундай иккита видеони эълон қилди.

Айтилишича, биринчи видео август ойи охирида аёвсиз жанглар давом этаётган Донецк вилоятининг Покровск туманида суратга олинган. Унда уч нафар украиналик аскарнинг тиз чўккани, кейин йиқилиб, ерда ётгани кўрсатилган. Телеканал маълумотларига кўра, иккинчи видео май ойида Запорижжя вилоятининг Работино ҳудудида суратга олинган. Унда Украина қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари бирин-кетин қўлларини кўтарган ҳолда чиқиб келган, шундан сўнг рус армияси аскарларидан бири иккинчисига уларни «ноллаштиришни»ни буюрган. Шундан сўнг улар отиб ташланади.

Лубинец ушбу ҳолатларни шарҳлар экан, Украина томони ҳарбий асирларга муносабатда «афсуски ёки хайриятки» худди шундай йўл тута олмайди, лекин барибир «баъзи нарсаларни» ўзгартиради. Унинг таъкидлашича, илгари Украинада асирликдаги русларнинг қўнғироқлашиш ҳуқуқи ҳақида «кўп муҳокамалар» бўлган.

Эҳтимол, омбудсман Украина вазирлар маҳкамасига Россия Федерациясидан ҳарбий асирларга уйга қўнғироқ қилишни тақиқлаш тўғрисида 2024 йил баҳоридаги петицияни эслатиб ўтди. Бироқ, ўша пайтдаги бош вазир Денис Шмиҳал россияликлар учун бундай имтиёзлар уларга таслим бўлишдан қўрқмасликка имкон беришини айтди.

Украина бош прокурори: уруш бошидан бери 28 та отиб ташлаш ҳодисаси текширилмоқда 

Украина бош прокурори Андрей Костиннинг CNN нашрида келтирилган сўзларига кўра, унинг идораси уруш бошланганидан бери юз берган 28 та шундай ҳодисани текширмоқда, уларда жами 62 нафар украиналик ҳарбий ҳалок бўлган. Журналистларнинг ёзишича, украин разведка манбалари уларга украиналик жангчилар қўлга олинмасдан ўлдирилган 15 та ҳолат рўйхатини тақдим этган. 

Костин CNN билан суҳбатда даъво қилинган отиб ўлдириш ҳолатларини ҳарбий жиноятлар ва Кремл режалаштирган сиёсатнинг бир қисми деб атади. У қуролсиз таслим бўлаётганини кўрсатган ҳарбий асирнинг судсиз ўлдирилиши уруш қоидаларини бузишини қайд этди.
  
Россия Мудофаа вазирлиги, CNN хабарига кўра, Украина томони айбловларига изоҳ бериш сўровига жавоб қайтармади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид