Жаҳон | 12:28 / 10.09.2024
7905
2 дақиқада ўқилади

Ҳисобот: Кўплаб инқирозлар дунё хавфсизлигига таҳдид солмоқда

Германия 193 давлатдаги хатарлар хавфи таҳлил қилинган навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Россия энг юқори хавфга эга бўлган ўнта мамлакатлар қаторига кирди.

Фото: Sina Schuldt/dpa/picture alliance

Қуролли тўқнашувлар ва эпидемиялар, биринчи навбатда, Осиё, Жанубий ва Марказий Америка мамлакатларида табиий офатларнинг оғир оқибатлари хавфини оширади. Шу билан бирга, бир вақтнинг ўзида бир нечта инқирозлар юзага келиши қатор минтақаларда фақат катта қийинчилик билан ҳал қилиниши мумкин бўлган оқибатлар занжирига олиб келади, дейилади 9 сентябр, душанба куни эълон қилинган «Ривожланиш ёрдам беради» алянси (Entwicklung hilft) ва Бохумдаги Рур университетининг бутун дунё бўйлаб рисклар бўйича янги йиллик ҳисоботида (Weltrisikobericht).

«Бизнинг дунёмиз кўплаб инқирозларга дучор бўлмоқда, улар бир-бирини кучайтириб, глобал хавфсизликка янги таҳдидларни келтириб чиқаради», — дейилади ҳужжатда.

Жаҳон хатарлари индексини (Weltrisikoindex) яратиш учун экспертлар зилзила хавфи ва иқлим шароити каби табиий хавфларни жамиятнинг ижтимоий заифлиги билан бирлаштирган ҳолда 193 мамлакатдаги хатарларни таҳлил қилишди. Бунда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут, соғлиқни сақлаш тизими даражаси, хавфли касалликларга чалинганлар сони, минтақадаги қуролли можаролар каби омиллар ҳисобга олинди. 

Мамлакатлар бўйича офатлар хавфи

Мутахассислар табиий офатларнинг энг юқори хавфи Филиппин, Индонезия ва Ҳиндистонда эканлигини аниқлашди. Улардан кейин зилзилалар ва қурғоқчилик каби табиий офатлар билан бир қаторда, наркотик картеллари ўртасидаги можаролар ҳам ташвишга солаётган Колумбия ва Мексика. Россия саккизинчи, Украина 94- ва Германия 98-ўринда.

Табиий офатларнинг энг паст хавфи Монако, Андорра ва Сан-Маринода қайд этилган (мос равишда 193-, 192- ва 191 ўрин). Беларус ҳам энг паст хавфга эга мамлакатлар рўйхатидан жой олган (187-ўрин).

Мавзуга оид