Ўзбекистон | 10:40 / 13.09.2024
3305
2 дақиқада ўқилади

Қатар ўзбекистонлик талабалар учун таълим грантлари сонини кўпайтириши мумкин

Шу йилнинг 9-11 сентябр кунлари Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов бошчилигидаги мамлакат бир қатор етакчи олий ўқув юртлари вакилларидан иборат делегация амалий ташриф билан Қатарда бўлди.

Фото: Дунё

Қатар таълим ва олий таълим вазири Бусаина бинт Али Ал Жабр Ал Нуайми билан кечган учрашувда университетлараро ҳамкорликни кенгайтириш, ушбу мамлакатнинг етакчи университетларида ўзбекистонлик талабаларни таҳсил олиш учун ажратиладиган таълим грантлари сонини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди. Илмий соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, экология, сувни тежаш, чўлланишга қарши курашиш каби долзарб йўналишларда қўшма илмий лойиҳа ва ишланмаларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон олий таълим тизими вакилларидан иборат делегация инновацион стартапларнинг акселератори ва инкубатори вазифасини бажарувчи Қатар фан ва технологиялар парки фаолияти билан ҳам танишди.

Ўзбекистон элчихонаси кўмагида мамлакат университетлари раҳбарларининг Қатар олий таълим муассасалари, жумладан, Ҳамад бин Халифа университети, Лусайл университети, Доха фан ва технология университети президентлари билан музокаралари ташкил этилди.

Бўлиб ўтган музокаралар натижасида Бухоро муҳандислик-технология институти билан Ҳамад бин Халифа университети, Тошкент ахборот технологиялари университети ва Лусайл университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Доха фан ва технология университети ўртасида ўртасида академик алмашинув ва икки томонлама диплом бериш дастурларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Қатар "Таълим ҳаммадан устун" жамғармаси ўртасида қўшма таълим лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

Мавзуга оид