Норвегия валиаҳд маликасининг ўғли ҳибсга олинди
У суд тақиқини бузган ҳолда собиқ севгилисига қўнғироқ қилиб, қиз билан гаплашишга уринган.
Норвегия валиаҳд маликасининг ўғли Мариус Борг Хёйби суд тақиқини бузгани учун полиция томонидан қўлга олинди. Суд қарори унга ўзи ҳужум қилган собиқ севгилисига яқинлашишни тақиқлайди, деб ёзади Bild.
«Полиция Хёйби бир неча бор мазкур иш доирасида жабрланувчи бўлган аёл билан алоқага киришга урингани тўғрисида маълумот олди. Шу боисдан полиция унинг хатти-ҳаракати устидан шикоят киритган. Жиноят содир этилиш хавфи такрорланиши мумкинлиги сабаб уни ҳибсга олиш бўйича қарор қабул қилинди», — дейди прокурор Андреас Крушевски.
Норвегия валиаҳд маликасининг адвокати Эйвинд Братленнинг маълум қилишича, унинг мижози ростдан ҳам ҳибсга олинган. Бунга у 7 сентябр куни махфий рақамдан фойдаланган ҳолда телефон орқали жабрланувчи билан гаплашишга урингани сабаб бўлган.
«Мижозим буни рад этиб, ўз айбига иқрор бўлмаяпти. Жиноят ишлари бўйича 17 йиллик фаолиятим давомида бундай тутуруқсиз юридик асос билан ҳибсга олиниш ҳолатига дуч келган эмасман», — дея қўшимча қилади Братлен.
Аввалроқ қироллик оиласининг вакили бўлган Хёйби собиқ севгилисини калтаклагани учун қўлга олинган эди. 4 август куни Мариус қизнинг квартирасида жанжал кўтарган. Эълон қилинган суратларда шифтдан кўчириб олинган қандил ва деворга суқилган пичоқни кўриш мумкин эди. Шундан кейин у қўлга олинган, бироқ орадан бир кун ўтиб қўйиб юборилган эди. Хёйби енгил тан жароҳати етказишда айбланмоқда. Аммо у алкогол ва кокаин таъсирида бўлганини ҳамда руҳий бузилишдан азият чекишини маълум қилган.
Мавзуга оид
19:45 / 22.11.2024
Норвегияда АҚШ элчихонаси қўриқчиси жосусликда гумонланиб қўлга олинди
12:00 / 21.11.2024
Норвегия валиаҳд маликасининг ўғли зўравонлик иши бўйича ҳибсга олинди
13:50 / 25.10.2024
Ўзбекистондан Дания ва Норвегияга миллий маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилади
19:30 / 24.10.2024