Жаҳон | 14:30 / 17.09.2024
1638
4 дақиқада ўқилади

Meta «Россия сегодня» ва RT'ни ўз иловаларида тақиқлади

Meta «Россия давлат оммавий ахборот воситаларига қарши чораларни кенгайтирганини» таъкидлади. Қарор уларнинг «чет эл аралашуви билан боғлиқ фаолияти»га туфайли қабул қилинди, дея қўшимча қилинган.

Фото: РИА Новости

Facebook ижтимоий тармоғининг эгаси Meta компанияси «Россия сегодня» халқаро медиа-гуруҳи, RT телеканали ва «улар билан боғлиқ бошқа ташкилотлар»га унинг иловаларидан бутун дунё бўйлаб фойдаланишни тақиқлади. Meta'нинг 16 сентябр, душанба куни давлат оммавий ахборот воситаларини блоклаш ҳақидаги баёноти Reuters агентлиги томонидан келтирилган.

«Эҳтиёткорлик билан ўйлаб кўрганимиздан сўнг, биз Россия давлат оммавий ахборот воситаларига нисбатан чораларимизни кенгайтирдик», — дейилади компания баёнотида. Шунингдек, қарор уларнинг «чет эл аралашуви билан боғлиқ фаолияти»га алоқадор экани айтилади.

Meta иловаларига Facebook, Instagram, WhatsApp ва Threads киради.

АҚШ Молия вазирлиги санкциялари

13 сентябр куни АҚШ Молия вазирлиги таркибига RT кирувчи «Россия сегодня» медиа-гуруҳи ва унинг бош директори Дмитрий Киселевга қарши янги санкциялар жорий этилгани ҳақида эълон қилди.

4 сентябр куни Вашингтон RT телеканали ва унинг бир қатор юқори лавозимли ходимларига, жумладан, бош муҳаррир Маргарита Симонянга қарши санкциялар жорий этгани маълум бўлди. Жазо чоралари «Москванинг 2024 йилги АҚШ президентлик сайловларига таъсир ўтказишга уринишлари»га жавобан жорий қилинган», дея тушунтирди АҚШ Молия вазирлиги.

АҚШ ҳукумати RT телеканалини Россия разведкаси учун ишлаганликда айблади

АҚШ разведкаси Россия ҳукумати томонидан молиялаштириладиган RT хорижий телеканали (собиқ Russia Today номи билан машҳур) нафақат ташвиқот билан шуғулланаётганини, балки бутун дунё бўйлаб Россия разведка операцияларида фаол иштирок этишини аниқлади. Бу ҳақда 13 сентябр куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди, деб ёзади CNN.

АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, бир йилдан кўпроқ вақт олдин Россия ҳукумати RT таркибида турли мамлакатларда разведка маълумотларини тўплайдиган ва уларда таъсир қилиш операцияларини ўтказувчи, жумладан, у ердаги сайловларга таъсир ўтказишга ҳаракат қилувчи бўлинмани яширинча ўрнатган. Вашингтон Молдовада «душман таъсири кампанияси»ни мисол қилиб келтирди, у ерда кузда президентлик сайловлари ва Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича референдум бўлиб ўтади.

Бундан ташқари, RT Украинада жанг қилаётган россиялик аскарлар учун қурол-яроғ ва жиҳозлар сотиб олиш учун маблағ йиғишни ташкил қилди, деди АҚШ давлат котиби. Унинг сўзларига кўра, натижада Россия қуролли кучлари «снайпер милтиқлари, қурол-яроғлар, зирҳлар, тунги кўриш мосламалари, дронлар, радиотехника, нишонга олиш воситалари ва дизел генераторларини» олди.

АҚШ Молия вазирлигининг таъкидлашича, Россия ҳукумат идоралари АҚШдаги «сайлов жараёнларига ишончни сусайтириш» ва уларнинг натижаларига таъсир қилиш учун сунъий интеллект технологиялари, дипфейклар ва дезинформациядан фойдаланмоқда. Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби айтишича, RT Россия президенти Владимир Путинни хабардор қилган ҳолда ишламоқда.

ЕИ Европада RT кўрсатувларини тақиқлади

2022 йил 2 февралда Лицензиялаш ва назорат қилиш комиссияси (ZAK) - Германиядаги радио- ва теле-дастурлар давлат регулятори - RT DE телеканалининг Германияда трансляциясини тақиқлаб, каналнинг мамлакатда трансляция қилиш учун лицензияси йўқлигини тушунтирди, у эса амалдаги «Германияда оммавий ахборот воситаларини тартибга солишни модернизация қилиш тўғрисидаги давлат қонуни»га мувофиқ талаб қилинади.

2022 йил 1 мартда ЕИ кенгаши Европа Иттифоқида жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид солувчи оммавий ахборот воситалари сифатида RT English, RT UK, RT Germany, RT France, RT Spanish ва Sputnik трансляциясини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. 

Мавзуга оид