Жаҳон | 12:50 / 17.09.2024
3783
4 дақиқада ўқилади

РФ Тергов қўмитаси Мудофаа вазирлиги мансабдорларига қарши янги иш очди

Россия Мудофаа вазирлигининг 4924-ҳарбий ваколатхонаси раҳбари Иван Популовский ва унинг қўл остидаги Григорий Зорин ҳарбий маҳсулотлар етказиб берувчилардан йирик миқдорда пора олганликда гумон қилинмоқда.

Фото: Замир Усманов / Global Look Press

РФ Тергов қўмитаси Россия Мудофаа вазирлигининг навбатдаги мансабдор шахсларини коррупцияда гумон қилиб, тергов олиб бормоқда. Мудофаа вазирлигининг 4924-ҳарбий ваколатхонаси бошлиғи Иван Популовский ва унинг қўл остидаги Григорий Зоринга нисбатан жиноий иш қўзғатилди, деб хабар берди 16 сентябр, душанба куни идора. Мансабдор шахслар ўта йирик миқдорда пора олганликда айбланмоқда, дейилади пресс-релизда.

11 млн рублдан ортиқ миқдордаги пора

Тергов маълумотларига кўра, Мудофаа вазирлиги эҳтиёжлари учун электротехника маҳсулотлари ва кабеллар етказиб бериш бўйича давлат буюртмаларини бажарувчи икки ташкилот маҳсулот назоратини сусайтириш ва пора эвазига бошқа имтиёзлар олиш мақсадида идора ходимлари билан тил бириктирган.

Гап Бутунроссия Кабель маҳсулотлари илмий-тадқиқот лойиҳа институти ва Кабел саноати илмий-конструкторлик-технологик институти томонидан мудофаа буюртмаларини бажариш ҳақида бормоқда. Шартномаларнинг умумий миқдори 1,2 миллиард рублни ташкил этди.

Бундан ташқари, 2021 йилдан 2024 йилгача бўлган даврда Популовский ва Зорин етказиб берувчилардан 11 миллион рублдан ортиқ пора олган. Улар ўз айбларини тан олдилар, дея таъкидламоқда Тергов қўмитаси. «Уларнинг шу каби бошқа жиноятларга, жумладан, давлат мудофаа буюртмаси эҳтиёжлари учун ажратилган маблағларни ўғирлаш билан боғлиқ жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда», — дейилади хабарда.

Мудофаа вазирлиги мансабдорларига нисбатан ишлар

Россия Федерациясининг Украинага қарши давом этаётган уруши фонида, сўнгги ойларда Россияда Мудофаа вазирлиги мансабдор шахслари ва Россия қуролли кучлари бош штаби вакилларига нисбатан бир қатор ишлар қўзғатилди. Хусусан, август ойи бошида «Военторг» АЖ бош директори Владимир Павлов Мудофаа вазирлиги маблағларини ўзлаштирганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди. Худди шу жиноий иш бўйича тадбиркор Тимур Исаков ҳам айбланмоқда. Тергов маълумотларига кўра, Павлов ва Исаков Россия Федерациясининг бир қатор ҳудудларидаги шериклари билан биргаликда давлат шартномаси бўйича 400 миллион рублдан ортиқ миқдорда оширилган нархда армия несессерлари сотиб олинишини таъминлаган.

Июл ойи охирида Россия Мудофаа вазирлигининг Ҳарбий-қурилиш компанияси бош директори Андрей Белков Москвада қўлга олингани маълум бўлди. У 2019 йилда Мудофаа вазирлигининг даволаш-диагностика маркази учун давлат томонидан оширилган нархда - 76 миллион рубл ўрнига 121 миллион рублга томограф сотиб олишни ташкил қилганликда гумонланмоқда.

Апрел ойида мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Тимур Иванов катта миқдорда пора олганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди. Май ойида Россия Мудофаа вазирлигининг кадрлар бўлими бошлиғи Юрий Кузнецов ҳам пора олишда айбланиб қўлга олинган. Худди шу ойда Россия Мудофаа вазирлигини танқид қилган 58-армиянинг собиқ қўмондони Иван Попов фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинган. Май ойи охирида Россия қуролли кучлари бош штаби бошлиғининг собиқ ўринбосари Вадим Шамарин ушланди. У 36 миллион рубл миқдорида пора олганликда айбланмоқда ва айбини қисман тан олган.

Мавзуга оид