АҚШда паркдан ўғирлаб кетилган олти ёшли бола 70 йилдан сўнг топилди
Луис Армандо Албино олти ёшида Калифорниядаги паркда ўйнаётган пайтда ўғирлаб кетилганди, орадан етмиш йил ўтиб, жияни уни қидириб топди. Бунга онлайн ДНК тести, эски фотосуратлар ва газета қирқимлари ёрдам берди.
Bay Area News Group хабарига кўра, Албинонинг Окленддаги жияни Алица Алекин полиция, Федерал қидирув бюроси ва Адлия вазирлиги кўмагида АҚШнинг шарқий соҳилида истиқомат қилаётган тоғасини топишга муваффақ бўлган.
63 ёшли Алекиннинг айтишича, Албино отаси ва бобоси сингари Ветнамда хизмат қилган истеъфодаги ўт ўчирувчи ва Денгиз пиёдалари корпусининг фахрийси ҳисобланади. Алица Албинони топиб, уни июн ойида Калифорниядаги оиласи билан қайта учраштирди.
1951 йил 21 феврал куни нотаниш аёл Ғарбий Окленд боғида акаси билан ўйнаётган олти ёшли Албинони алдаб, олиб кетганди. Аёл унга испанча гапириб, ширинлик сотиб олишни ваъда қилган.
Бунинг ўрнига, аёл болани ўғирлаб, уни АҚШнинг шарқий қирғоғига олиб борган, бола у ерда бир жуфтлик томонидан ўз фарзандидек тарбияланган. Бола шарқий қирғоқнинг айнан қайси ҳудудида улғайгани ҳақида маълумот берилмади.
“70 йилдан ортиқ вақт давомида Албино бедарак йўқолган бўлса-да, у ҳар доим оиласининг қалбида эди, унинг сурати уйда осиғлиқ турарди”, — деди Алекин. Унинг 2005 йилда вафот этган онаси ўғли тириклигидан умидини узмаган.
Окленд полицияси Алекиннинг саъй-ҳаракатлари “тоғасини қидиришда муҳим аҳамият касб этганини” эътироф этди Янгиликлар гуруҳига берган интервюсида аёл тоғаси уни қидириб топгани учун раҳмат айтгани ҳақида сўзлаб берди.
Етмиш йил аввал Oakland Tribune газетаси мақолаларида полиция, маҳаллий ҳарбий база аскарлари, қирғоқ қўриқлаш хизмати ва бошқа шаҳар ходимлари йўқолган болани кенг миқёсда қидирилаётганлар сафига қўшгани ҳақида хабар берилган. Мақолаларга кўра, Сан-Франсиско қўлтиғи ва бошқа сув ҳавзалари ҳам текширилган. Унинг акаси Рожерни терговчилар бир неча марта сўроқ қилишган, бироқ у бошига рўмол ўраган аёл укасини олиб кетганини такрорлаб, бошқа тафсилот қўша олмаган.
Алекиннинг айтишича, тоғаси ҳали ҳаёт бўлиши мумкинлиги ҳақидаги дастлабки тасаввур 2020 йилда пайдо бўлган, у “шунчаки қизиқиш учун” онлайн ДНК тестидан ўтган. Тест натижаси кейинчалик унинг тоғаси бўлиб чиққан эркак билан 22 фоиз ўхшашликни кўрсатган. У ўша пайтдаги қўшимча қидирув ишлари тоғасидан ҳеч қандай жавоб ёки муносабат келтирмаганини айтди.
2024 йил бошида Алекин яна қидирув ишларини бошлади. Окленд жамоат кутубхонасига ташрифи чоғида у Tribune мақолалари асосидаги микрофилмларни, жумладан, Луис ва Рожернинг фотосуратини томоша қилди, бу эса уни тўғри йўлда эканига ишонтирди. Ўша куниёқ у Окленд полициясига мурожаат қилди.
Охир-оқибат терговчилар ДНК далили муҳимлигини тан олган ва бедарак йўқолган шахс бўйича янги иш очилган. Ҳозир Окленд полицияси бедарак йўқолган шахс ишини ёпган, бироқ улар одам ўғирлаш бўйича тергов ҳамон давом этаётганини таъкидлашмоқда.
Шарқий соҳилда яшаётган Луис ҳам, унинг синглиси (Алекиннинг онаси) ҳам ДНК намунасини тақдим этди.
20 июнда терговчилар Алекиннинг онаси яшайдиган уйга келиб, акаси топилганини айтишди.
“Терговчилар кетгунича кўзёшларимизни тийдик”, — деди Алекин. “Онамнинг қўлларидан ушлаб, “Уни топдик” дедим. Жуда ҳаяжонда эдим”.
24 июнькуни ФҚБ ёрдамида Луис оиласи билан Оклендга келди ва Алекин, унинг онаси ҳамда бошқа қариндошлари билан учрашди. Эртаси куни Алекин онаси ва тоғасини Калифорниянинг Станислаус округида яшайдиган Рожернинг уйига олиб борди.
“Улар узоқ вақт бир-бирларини маҳкам қучоқлаб турди. Сўнг ўтириб, ҳаёти қандай ўтгани ҳақида суҳбатлашди”, — деди Алекин.
Луис шарқий соҳилга қайтиб кетган, аммо июл ойида яна уч ҳафталик ташриф билан келган. Шу тариқа у акаси билан охирги марта дийдорлашди — Рожер август ойида вафот этди.
Алекиннинг айтишича, тоғаси ОАВга интервю беришни истамаган.
“Мен уни топишга қатъий ишонардим, ким билади, менинг ҳикоям худди шундай вазиятни бошдан кечираётган бошқа оилаларга ёрдам бериши мумкин”, — деди у. “Уларга асло таслим бўлманг, деган бўлардим”.
Мавзуга оид
23:52 / 26.11.2024
АҚШда клиник ўлимдан омон қолган эркак вақт ўтиб жиноятчига айланди
18:19 / 26.11.2024
Boeing АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларидан 2,4 млрд долларлик буюртма олди
18:06 / 26.11.2024
Трамп Мексика, Канада ва Хитой товарларига бож жорий этилишини эълон қилди
07:53 / 26.11.2024