Жаҳон | 09:10 / 09.10.2024
3174
3 дақиқада ўқилади

Киев ноябрда тинчлик саммити ўтказиш режасидан воз кечди

Швейцариядаги конференциядан кейинги иккинчи тинчлик саммити АҚШдаги президентлик сайловлари олдидан ўтказилиши режалаштирилган эди. Киев саммитга тайёргарлик ноябргача якунланиши кераклигини билдирди.

Фото: Urs Flueeler / Reuters

Украина бўйича ноябр ойида ўтказилиши режалаштирилган иккинчи тинчлик саммити бўлиб ўтмайди. Шунга қарамай, ноябргача ҳамма нарса тайёр бўлиши керак, деди 8 октябр, сешанба куни Украинанинг Telegraf нашрига президент девони раҳбарининг конференцияларни тайёрлашга масъул маслаҳатчиси Даря Заривная.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Украина президенти Володимир Зеленский таклиф қилган тинчлик формуласининг алоҳида бандлари бўйича тематик конференциялар ўтказилмоқда. Ушбу учрашувлар якунлари бўйича коммюникенинг асосий қоидалари «иккинчи саммитнинг бўлажак тинчлик режаси учун асос бўлади», деб тушунтирди у.

Шу билан бирга, сўнгги тематик конференция 30-31 октябр кунлари Канадада бўлиб ўтади ва гуманитар масалалар, хусусан, ҳарбий асирларни озод қилиш, украиналик болаларни қайтариш масалаларига бағишланади. Иккинчи саммитни ўтказиш санаси масаласи тематик конференциялар якунлангандан кейин ҳал қилинади, дея қўшимча қилди Заривная Telegramʼда.

Киев Бернни ХХР «тинчлик ташаббусини» қўллаб-қувватлагани учун танқид қилди

Киев Хитой ва Бразилиянинг Украина учун «тинчлик ташаббуси»ни танқид қилди ва Швейцарияни ушбу ҳужжатни қўллаб-қувватлагани учун қоралади. «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига аниқ ҳавола бўлмаган ва Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тўлиқ тиклашни кафолатламайдиган ҳар қандай ташаббуслар қабул қилиниши мумкин эмас, бу каби «тинчлик ташаббуслари» фақат мулоқот иллюзиясини келтириб чиқаради, тажовузкор ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттиради», дейилади Украина ТИВ 28 сентябр куни эълон қилган изоҳида. 

Ҳужжатда айтилишича, Киев Украина президенти Володимир Зеленский томонидан таклиф қилинган «тинчлик формуласи»ни «умумий, адолатли ва барқарор тинчликка эришишнинг ягона йўли» деб билади. «Украина учун тинчликка эришиш йўлларини муҳокама қилиш учун қўшимча формат ва платформалар яратишга ҳожат йўқ. Тинчлик формуласи барча ғояларни муҳокама қилиш, турли қарашлар ва тушунчаларни бирлаштириш учун тўлиқ воситалар ва мос платформаларни тақдим этади», — дея таъкидлайди Украина ТИВ.

Пресс-релизда айтилишича, Украина нуқтайи назаридан, барча тинчлик муҳокамалари БМТ Низомига асосланган «Украинасиз Украина ҳақида ҳеч нарса» тамойилини ҳисобга олиши ва халқаро миқёсда Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишни ўз ичига олиши керак. 

Мавзуга оид