Ўзбекистон | 18:15 / 14.10.2024
4339
3 дақиқада ўқилади

Уй сотиб олишга бўлган қизиқиш пасайишда давом этяпти

Сентябр ойида ҳам Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида фаоллик пасайди. Учинчи чорак якунларига кўра, фаолликнинг камайиши Тошкент (25,7 фоиз), Бухоро (24,3 фоиз) ва Наманган вилоятларида (18,7 фоиз) нисбатан сезиларли бўлган. Ҳар бир квадрат метр учун энг арзон уй Қорақалпоғистонда (327 доллар), энг қиммати эса Тошкент шаҳрида (1117 доллар) қайд этилди.

Фото: Kun.uz

Сентябр ойида Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида фаоллик пасайди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.

Марказ таҳлилига кўра, сентябр ойида 21,2 мингта кўчмас мулк олди-сотди битимлари рўйхатга олинган, бу август ойига нисбатан 4,2 фоизга кам.

Йиллик ҳисобда кўчмас мулк бозорида фаоллик сезиларли пасайиб, ўтган йилнинг сентябр ойи билан солиштирганда шартномалар сони 9 фоизга камайган.

Ҳудудий динамика

2024 йил сентябр ойида ҳудудлар кесимида кўчмас мулк билан боғлиқ битимларнинг энг катта пасайиши Жиззах (20 фоиз), Самарқанд (14 фоиз) ва Тошкент вилоятларида (13 фоиз) қайд этилди.

Учинчи чорак якунларига кўра, кўчмас мулк бозоридаги фаоллик Тошкент (25,7 фоиз), Бухоро (24,3 фоиз) ва Наманган вилоятларида (18,7 фоиз) нисбатан сезиларли бўлган.

Иккиламчи бозордаги уй жой нархлари

2024 йилнинг сентябр ойида республика бўйича иккиламчи бозор уй-жой нархлари деярли ўзгармади (0,1 фоизга ўсиш). Йил давомида эса 1 кв метр учун ўртача уй-жой нархи 6,7 фоизга ошган.

Ҳудудлар кесимида иккиламчи уй-жой нархлари Хоразм (19,5 фоиз), Бухоро (12,5 фоиз) ва Самарқанд (10 фоиз) вилоятларида сезиларли даражада кўтарилган. Йиллик ҳисобда Тошкентда иккиламчи уй-жойлар нархининг ўсиши ўртача 1,8 фоизни ташкил этган.

Уй-жой ижара бозори

Сентябр ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижара нархлари барқарорлашуви давом этган. Нархлар август ойига нисбатан ўзгармаган — 1 кв метр учун 8,3 доллар.

Пойтахтнинг 14 та марказий туманидан учтасида уй-жой ижараси нархи пасайган. Ижара нархи Олмазорда — 14,6 фоиз, Учтепада — 7,4 фоиз, Бектемир туманида — 3,8 фоизга арзонлашган. Шунингдек, нархларнинг энг катта ўсиши Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида қайд этилиб, ўртача 7 фоизга ошган.

Тошкент шаҳри туманлари кесимида ижара нархидаги фарқлар кескин ўзгармаган. Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқори бўлиб, 10 доллар атрофида шаклланган.

Бектемир ва Сергели туманларида нархлар нисбатан арзон бўлиб, кв.м учун ўртача 6 долларни ташкил этган.

Ўтган йилнинг сентябр ойи билан таққосланганда, Тошкент шаҳрида ижара нархлари ўртача 8,4 фоизга қимматлаган. Бу эса бозорнинг ушбу сегментида умумий пасайиш тенденцияси сақланиб қолинаётганини кўрсатади.

Шу билан бирга йил давомида ижара нархининг сезиларли пасайиши Яшнобод (16,2 фоиз), Олмазор (12,2 фоиз) ва Яккасарой (11 фоиз) туманларида кузатилган.

Мавзуга оид