Иқтисодиёт | 19:03 / 15.10.2024
16213
3 дақиқада ўқилади

“Рақобат сиёсати керак” – Нобел мукофоти лауреати Ўзбекистон иқтисодиёти ҳақида

2014 йилда монополияларни бошқариш ва бозорни тартибга солиш бўйича тақдим этган ечимлари учун Нобел мукофотини қўлга киритган таниқли француз иқтисодчиси Жан Тирол Тошкентда маъруза ўқиди. Унинг фикрича, монополия бор экан, давлат иқтисодий тараққиётдан умид қилмаса ҳам бўлади.

“Умумий фаровонлик” деб номланган маърузага 700 га яқин тингловчилар келишди. Иқтисодчи олимга кўра, умумий фаровонлик бу – одамларни яхши, тўғри ҳаёт кечиришга ундаш ва охир-оқибат кўндириш ҳам. Тирол Нобелни олишидан аввал марказий банклар, вазирликлар, ўз давлатида иқтисод сиёсатига бош-қош идоралар билан узоқ гаплашганини, натижада бозор доим ҳам ҳаққоний бўлмаслигини аниқлаганини айтди.

Бозорлар ҳаққоний бўлмайди, регулятор яхши бўлиши керак, бозор инқирозларини олдиндан кутган давлатлар иқтисодини асраб қололади, дейди профессор.

Жаноб Тирол, бозор хилма-хил бўлиши, аввало одамларда танлов бўлиши кераклигини гапирдингиз. Ўзбекистон иқтисодиётидаги энг катта муаммолар монополияга бориб тақалаверади, хўш, ечим нимада, сизнингча?”

Албатта, сизга рақобат сиёсати керак, хусусийлаштириш ҳам. Мен Ўзбекистон бўйича эксперт эмасман, лекин нарх-навонинг шаклланиши, инновациялар пайдо бўлиши учун биринчи навбатда рақобат муҳити керак. Агар давлат иқтисодини кўтаришни истаса, рақобат доирасини ҳам яратсин. Бу сифатли маҳсулотлар ва паст нарх”,-дейди иқтисодчи.

Тиролга кўра, айни даврда давлатлар олдида яшил трансформация вазифаси турибди. Саноат, иқтисодиёт ҳавога камроқ чиқинди чиқарадиган, сувни камроқ исроф қиладиган ечимларга муҳтож.

Россияни қаранг, у каби яна кўплаб давлатлар бугун сувни исроф қилиб, маҳсулот ишлаб чиқаради. Саноатда сув исроф қилинмаслиги керак, сув баҳога эга бўлиши лозим. Ўзбекистон борасида гапирсам, мен фақат 2 кун бу ердаман ва давлатни тўлиқ ўрганмадим. Эътиборимни тортгани ёш авлод кўп, инвестицияни таълимга қилиш керак”, - дея қўшимча қилади Нобел мукофоти совриндори.

Маърузада айтилишича, умумий фаровонлик учун жамиятда ва хусусан иш жойида эркак ва аёллар тенг кўрилиши, иш шароитлари ва муҳит улар учун тенг яратиб берилиши керак. Толерант бўлган жамият кўпроқ натижаларга эриша олади. Бозорларга доим ҳужумлар бўлган, молиявий механизмлар тўғри қўлланмаса, молиявий самарадорликдан умид қилиш бефойда, дейди иқтисодчи.

Дарвоқе, Жан Тиролнинг яна бир гапи эътиборимизни тортди. Экологияни жазолаб бўлмайди, саноат иқлимни ўзгартирмоқчи бўлса, аввал пулини тўлаб қўйсин, дейди Нобелчи олим экология ва атроф-муҳит муаммоларини эслатаркан.

Мавзуга оид