АҚШ Исроилга ёрдамни қисқартириш билан таҳдид қилди
Ғазодаги гуманитар вазиятни яхшилаш учун муҳлат берилган.
Америка ҳукумати агар Исроил ҳукумати Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлар туфайли юзага келган гуманитар вазиятни яхшилаш чораларини кўрмаса ва 30 кун давомида анклавга инсонпарварлик юклари киритилишини таъминламаса, ҳарбий ёрдамни қисқартириши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Бу огоҳлантириш Исроил Ғазодаги ҳарбий амалиётини қайта тиклаши ортидан янграмоқда.
Ўтган якшанба куни Исроил мудофаа вазири Йоав Галантга йўлланган мактубда, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Пентагон раҳбари Ллойд Остин Ғазога олиб кириладиган ёрдам ҳажми олдинги даражага кўтарилишини таъминлаш учун аниқ чоралар кўришга чақирган, дея хабар беради Давлат департаменти вакили Мэттю Миллер.
«Сентябрда Ғазога келиб тушган ёрдам ҳажми ўтган йил ичидаги энг ками бўлди, — дейилган мактубда Axios хабарига кўра. — Гуманитар вазиятни ўзгартириш учун Исроил бугундан бошлаб 30 кун ичида муайян чоралар кўриши лозим».
Ҳужжатда қайд этилишича, 1,7 млн киши Ал-Мавасий ҳудудига эвакуация қилишга мажбур бўлган, бу ерда улар аҳоли ҳаддан ташқари гавжумлиги туфайли ўлимвор касалликларни «юқтириш хавфи ошган».
«Биз айниқса Исроил ҳукуматининг сўнгги ҳаракатларидан хавотирдамиз — жумладан, тижорий импортни тўхтатиб қўйиш, сентябр ойида деярли 90 фоиз ҳолатда Ғазо жануби ва шимоли орасидаги ҳаракатни тақиқлаш ёки тўсқинлик қилиш, икки мақсадли маҳсулотларга нисбатан кераксиз ва мураккаб чекловлар қўйиш ҳамда гуманитар персонал ва юклар учун бажариш қийин бўлган янги божхона талаблари жорий этилиши ўсиб бораётган қонунсизлик ва талончилик билан биргаликда Ғазодаги аҳвол тез суръатларда ёмонлашишига ҳисса қўшмоқда», — дейилган мактубда.
Унда шунингдек, АҚШнинг Америка ёрдамини етказишга тўсқинлик қилувчи мамлакатларга ҳарбий ёрдам кўрсатишни тақиқловчи қонунлари ҳақида эслатилган.
АҚШ давлат департаменти мактуб ҳақиқийлигини тасдиқлаган ва ҳужжат — «хусусий дипломатик хабарлиги», идора уни жамоатчилик учун эълон қилмоқчи эмаслигини маълум қилган.
Душанба куни Исроил мудофаа вазирлиги БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури ёрдами ортилган 30 та юк машинаси «Эрез» назорат-ўтказиш пункти орқали Ғазо шимолига ўтгани ҳақида хабар берганди.
Блинкен ва Остин йўллаган мактубда, Исроил кунига камида 350 та юк машинаси ўтишига рухсат беришга, Ғазога олиб кирувчи бешинчи ўтиш жойини очишга ва оператив зарурат бўлмаган ҳолларда фаластинликларни эвакуация қилишга буйруқ бермасликка чақирилган.
Исроиллик мулозимлардан бири Axios нашрига «мактуб қабул қилиб олингани ҳамда Исроил махсус хизматлари ходимлари томонидан синчковлик билан ўрганиб чиқилаётгани»ни айтган.
«Исроил бу масалага жиддий қарайди ва мактубда ифодаланган хавотирларни америкалик ҳамкасблар билан муҳокама қилмоқчи», — деган у.
Исроил ҳукумати аввалроқ Ғазо секторига инсонпарварлик юклари етказиб берилишига тўсқинлик қилмаётганини маълум қилганди. Ўз навбатида, БМТ ҳудуд шимолига икки ҳафта давомида озиқ-овқат маҳсулотлари олиб кирилмаганини билдирган. Ташкилот энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари захиралари тугаб бораётганидан огоҳлантирган.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
17:37 / 21.11.2024
Халқаро жиноят суди Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер берди
11:15 / 21.11.2024
Путин Трамп билан Украинада ўт очишни тўхтатишни муҳокама қилишга тайёр — Reuters
10:46 / 21.11.2024