Жаҳон | 22:39 / 16.10.2024
8538
2 дақиқада ўқилади

КХДР матбуоти армияга қўшилиш учун 1,4 миллион ариза тушганини хабар қилди

Кўнгиллилар Жанубий Корея билан муносабатлардаги «урушга тўла кескин вазият» фонида КХДР армиясига қўшилиш ёки қайтиш истагини билдирган.

Фото: KCNA

1,4 миллионга яқин ёшлар «муқаддас уруш»да иштирок этиш ва «душманни инқилоб қўли билан йўқ қилиш» мақсадида икки кун, 14 ва 15 октябр кунлари КХДР армиясига қўшилиш ёки қайтиш учун ариза топширди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги (КМТА) ва «Корея овози» радиостанциясига таяниб Reuters хабар берди.

КМТА маълумотларига кўра, «Ёшлар иттифоқи» ходимлари, ишчи ва талаба ёшлар вакиллари Жанубий Корея билан муносабатлардаги «урушга тўла кескин вазият» фонида КХДР армиясига қўшилиш ёки қайтиш истагини билдирган. «Уруш бўлган тақдирда Корея Республикаси (Жанубий Корея) йўқ қилинади», дейилади КМТА баёнотида.

«Корея Овози» давлат радиостанцияси ҳам Шимолий Кореяда ҳарбий можарога тайёр бўлганлар сони вақт ўтган сайин ортиб бораётгани ҳақида хабар берди.

«Бутун мамлакат КХДР муқаддас суверенитети ва хавфсизлигини бузган Жанубий Корея қабиҳларини шафқатсизларча йўқ қилишга интилмоқда», дейилади радиостанция хабарида.

Reuters ахборот агентлигининг ёзишича, бундай риторика Жанубий Корея Пхенян осмонида дронларни учиргани ҳақидаги айбловлардан кейин пайдо бўлган. 11 октябр куни КХДР ТИВ дронлар кечаси ва ўтган ҳафта Шимолий Корея пойтахти узра учиб ўтиб, ҳукуматга қарши ташвиқот варақаларини тарқатганини маълум қилди. Агентлик уларнинг Сеул томонидан учирилишини жавоб чораларини талаб қиладиган босқинчилик деб атади.

Ўз навбатида Жанубий Корея бош штаби КХДР томонидан қўйилган айбловларни тасдиқлай олмаслигини маълум қилиб, Пхеняннинг Жанубий Корея ҳудудига чиқинди тўлдирилган ҳаво шарларини учириш амалиётини эслатди.

Мавзуга оид