Жаҳон | 14:00 / 16.10.2024
1837
3 дақиқада ўқилади

НАТО бош котиби: Алянс Киевни қўллаб-қувватлашда давом этади

«Биз Путин ўз мақсадига эришмаслиги ва Украина ғалаба қозониши учун зарур бўлган ишни қиламиз», деди Марк Рютте Висбаденга ташрифи чоғида.

Фото: Mikko Stig / Reuters

НАТО Россия таҳдидларидан қўрқмайди ва Россия босқинидан ўзини ҳимоя қилаётган Украинани қўллаб-қувватлашда давом этади. Бу ҳақда НАТО бош котиби Марк Рютте 14 октябр, душанба куни Германиянинг Висбаден шаҳридаги НАТОнинг Украина учун (NATO Security Assistance and Training for Ukraine - NSATU) миссияси штаб-квартирасига ушбу лавозимдаги биринчи ташрифи чоғида маълум қилди.

«Бизнинг (Россия президенти Владимир Путинга) хабаримиз шундан иборатки, биз у ўз мақсадига эришмаслиги учун давом этамиз, Украина ғалаба қозониши учун зарур бўлган ишни қиламиз», — деди Рютте Reuters агентлиги ва Германиянинг Hessischer Rundfunk медиакомпаниясига берган интервюсида.

Reuters агентлигининг қайд этишича, кўпчилик НАТО бош котибининг Украинани собит қўллаб-қувватлаши ҳақидаги баёнотларини Шимолий Атлантика алянсини танқид қилиши билан танилган собиқ давлат раҳбари Доналд Трампнинг АҚШ президенти лавозимига сайланиши мумкинлиги контекстида баҳоламоқда.

Марк Рютте Украинани қўллаб-қувватлаш миссиясининг Висбадендаги штаб-квартирасига ташриф буюрган куни Германия мудофаа вазири Борис Писториус ҳам у ерда бўлган. У НАТО бош котиби билан ёпиқ эшиклар ортида музокаралар олиб борди, деб ёзади HR ўз веб-сайтида.

НАТО ядро қуролидан фойдаланишни синовдан ўтказиш машқларини бошлаяпти

14 октябр куни НАТОнинг алянсга аъзо мамлакатларни ҳимоя қилиш бўйича икки ҳафталик йиллик манёврлари бошланди, улар давомида ядро қуролидан фойдаланиш амалиёти ўтказилади. НАТОнинг Брюсселдаги штаб-квартирасидан олинган маълумотларга кўра, Steadfast Noon машғулотларида Европанинг саккизта ҳаво базасида жойлашган 2000 га яқин аскар иштирок этади. Ҳаво манёврларида 60 дан ортиқ самолётлар, жумладан, АҚШнинг Европада жойлашган ядро бомбаларини олиб юришга қодир замонавий қирувчи самолётлар, узоқ масофали бомбардимончи самолётлар, шунингдек, кузатув ва ёнилғи қуйиш самолётлари иштирок этади.

Жорий йилда манёврлар Белгия ва Нидерландиядаги ҳаво базаларида, шунингдек, Шимолий денгиз узра – Буюк Британия ва Дания ҳаво кенгликларида бўлиб ўтади. Ҳарбий машғулотларда НАТОга аъзо 13 давлат, жумладан Германия самолётлари қатнашмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид