15 та пирамида сиғади – дунёдаги энг катта ғор ҳақида нималар маълум?
Ветнамдаги Шондонг ғори йўлаклари шу қадар кенгки, улар орасидан Boeing 747 самолёти бемалол учиб ўтиши мумкин.

Фото: AP
Шондонг Ердаги инсониятга маълум энг катта ғор. Ветнамдаги Фонгня-Кебанг миллий боғи қуюқ жунглилари остида жойлашган ғор бағрида қадимий ўрмонлар мавжуд, улар ғор тепасидан тушадиган улкан “ёруғлик туйнуклари” туфайли барҳаёт, деб ёзмоқда Live Science.
“Тоғ дарёси” деган маънони берувчи Шондонг ёш оҳактош ғори саналади. Маълум бўлишича, ғор 2-3 миллион йил олдин Осиёнинг энг катта оҳактош массиви, 400 миллион йиллик улкан қоятош блокининг ичида ҳосил бўлган. Иккита дарё оҳактош ёриқларидан оқиб ўтиб, қояни емирган ва массивда улкан туннел ҳосил қилган. Бу туннел кейинчалик Шондонг номи билан танилган.
1990 йилда ветнамлик эркак ўрмон ичида ов қилаётганда тасодифан ғорга дуч келган.
“У ичкаридан эсаётган шамолни ҳис қилиб, дарё шовқинини эшитган. Бироқ кейинги сафар қайтиб келганида ғорни топа олмаган, чунки атрофи япроқлар билан ўралганди”, — дейди британиялик ғор тадқиқотчиси ва Oxalis Adventure сайёҳлик компаниясининг техник директори Говард Лимберт.
Йиллар ўтиб, ғор қайта топилди. Топилмани Британия ғорларни тадқиқ этиш уюшмаси спелеологлари ўрганди (Лимберт ҳам унинг аъзоси). “Ўша заҳотиёқ бу жуда муҳим кашфиёт эканини англадик”, — дейди мутахассис.
Олимлар жамоаси 2009 йилда Шондонгни ўрганиб, уни фанга маълум энг катта табиий ғор дея қайд этди. Ғорнинг умумий ҳажми 38,5 миллион куб метрни ташкил этади. Бу Мисрдаги 15 та улкан пирамидани сиғдира оладиган ҳудуд.
Янги тадқиқот эса ғор мутахассислар тахмин қилганидан ҳам каттароқлигини кўрсатди. Шондонг ғори сув ости туннели орқали Ханг Тҳунг номли бошқа ғор билан туташган. Бу алоқа ғор ҳажмини 1,6 миллион куб метрга оширган.
“Бу худди кимдир Эверест чўққисида уни яна 1000 метр баландроқ қиладиган улкан тош топиб олгандек гап. Дунёдаги исталган ғор Шондонг ичига бемалол сиғиб кетади, у ақл бовар қилмас даражада катта”, — деди спелеолог.
Шондонгда дунёдаги энг баланд сталагмитлардан бири бўлган “Ит қўли” деб номли улкан устун жойлашган. Унинг баландлиги 80 метрга етади. Ғор уч қисмга бўлинган: кириш қисми, қазилма йўлаклар ва “ифлос” Пассендейл йўлаги. Бу йўлак Биринчи жаҳон уруши даврида аскарлар лой билан тўлган окопларда жанг қилган Пассендейл жанги шарафига шундай номланган. Ҳар бир қисм ўзининг ажойиб тузилмалари билан диққатни тортади.
Ғордаги эски ўтиш йўллари бир вақтлар яшаган денгиз мавжудотлари қолдиқлари билан тўла. Пассендейл ўтиш йўлагида эса Буюк Ветнам девори деб аталадиган 90 метр баландликдаги кальцит девори мавжуд. Ғоршунос олимлар ушбу деворни 2010 йилда ғорга иккинчи ташрифида босиб ўтишга муваффақ бўлди.
Шондонг марказидаги оҳактошли шифт аллақачон қулаб тушган, унинг ўрнида ғорга ёруғлик ўтказадиган иккита туйнук ҳосил бўлган. Ушбу “ёруғлик туйнуклари” остида минг йиллардан бери тропик ўрмонлар ўсади.
Тавсия этамиз
Ёзда топ-клублар «талашиши» кутилаётган 11 ҳужумчи
Спорт | 15:30 / 01.04.2025
Контейнерни ўқув марказига айлантирган водиллик талаба ҳикояси
Жамият | 09:03 / 01.04.2025
Самарқанд шаҳрига кириш йўллари вақтинча ёпилади
Ўзбекистон | 21:35 / 30.03.2025
Дунё бўйлаб Рамазон ҳайити қандай кутиб олинди – фотолар
Жаҳон | 20:30 / 30.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Amazon TikTokʼни сотиб олишга ариза берди
Жаҳон | 23:40
-
Трамп инаугурациядан сўнг илк марта Россия компанияларига нисбатан янги санкциялар жорий этди
Жаҳон | 23:09
-
Германияда чиқиндини ким нотўғри саралаётганини аниқлашда сунъий интеллектдан фойдаланиш бошланди
Жаҳон | 23:07
-
Кипр парламентида Роман Абрамовичнинг фирмасини текшириш талаб қилинди
Жаҳон | 22:37
Мавзуга оид

14:38 / 01.04.2025
Осиёдаги энг чуқур ғор жойлашган қишлоқ – Деҳиболо | Манзил

14:29 / 05.03.2025
Хитойда Буюк Хитой деворидан ҳам қадимийроқ девор топилди

18:36 / 20.02.2025
Мисрда 100 йил ичида илк бор фиръавн қабри топилди. Унда Тутмос II дафн этилган

20:02 / 27.12.2024