Спорт | 12:26 / 04.11.2024
13281
17 дақиқада ўқилади

«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари

Якшанба куни Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: «МЮ» тен Ҳагсиз яхшироқ ўйнамоқда, Эмерида қора ҳафта

«Манчестер Юнайтед» – «Челси» 1:1
Голлар:
1:0 – 70, пеналти Бруну Фернандеш, 1:1 – 74 Кайседо.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Мазрауи, Мартинес, де Лигт, Диогу Далот, Угарте (Линделёф, 84), Каземиро, Рэшфорд (Диалло, 73), Бруну Фернандеш, Гарначо, Ҳойлунд (Зиркзе, 84).
«Челси» – Санчес, Жеймс, Колуилл, Фофана, Гюсто (Кукуреля, 46), Лавия (Фернандес, 70), Кайседо, Палмер, Нету, Мадуэке (Мудрик, 70), Жексон.
Огоҳлантиришлар: Гюсто (36), Угарте (42), Диогу Далот (45+1), Рэшфорд (67), Каземиро (85).

«МЮ» – «Челси» – якшанба куни Европадаги асосий ўйин эди. «Юнайтед» Эрик тен Ҳаг кетганидан кейин импулсга эга бўлди, «Челси» эса олдинги мавсумлардагига қараганда анча барқарор ўйнамоқда. Лондонликлар 11 йиллик нохуш анъанасига барҳам бериб, ниҳоят «Олд Траффорд»да ғалаба қозонса, турнир жадвалида учинчи ўринга кўтарилиб олиши мумкин эди. 

Ўйин анча очиқ кечди. Эпизодлардан бирида тўп беш сония ичида беш марта у рақибдан бунисига ўтди. Икки жамоа ҳам тўпни шунчаки олдинга тепиб юбормасдан, ердан ўйнашга ҳаракат қилди. Лекин икки жамоада ҳам бу таҳликали вазиятларга сабаб бўлди. Бир сафар Онана жарима майдони марказида турган Каземирога пас беришда қалтис ҳаракат қилди ва Кайседо босим уюштириб, тўпни олиб қўйиши мумкин эди. Бошқа ҳолатда Жеймс хато пас туфайли тўпни олдирди ва рақиб қарши ҳужумга чиқиб кетди.

Биринчи бўлимда ким яхшироқ ўйнаганини аниқ айтиш қийин. Устунга зарба йўллаш бўйича эса ҳисоб тенг эди. Аввалига Мадуэке бурчакдан ошириб берилган тўпни дарвоза устуни томон йўллади, бўлим охирида эса Рашфорд яқин масофадан туриб тепган тўп устун ва тўсин туташган жойга борди.

«МЮ» тезкор ҳужумлар эвазига вазиятлар яратди. «Челси» бундай ҳужумларни бошланғич босқичдаёқ тўхтатишга уринди ва бир неча вазиятда Онанага тўпни ўйинга киритишга халақит қилишди. Меҳмонлар ўйинни Палмернинг устунликлари эвазига қуришга уринди, аммо якка унинг саъй-ҳаракатлари етарли эмасди.

Ўйин иккинчи бўлимда ҳам шу сценарийда давом этди – икки жамоа ҳам голга яқинлаша бошлади. Ҳисобни очиш «МЮ»га насиб этди. Аввалига қарши ҳужумда Гарначо ажойиб имкониятни қўлдан чиқарди, кейин эса Ҳойлунд пеналти ишлади. Даниялик ҳужумчи йиқилишда бироз ўзидан қўшди, аммо Санчес чиндан ҳам тўпга эмас, рақиб ҳужумчиси оёғига тегинганди.

Бруну Фернандеш эса 11 метрдан аниқ зарба йўллади. Бу унинг Англия чемпионати жорий мавсумидаги илк голи бўлди. Бунгача у Европа топ-5 лигаларида вазиятлардан фойдаланиш бўйича энг ёмон кўрсаткич қайд этаётганди – 30 зарба ва 0 гол.

«Юнайтед» мухлислари қувончи узоққа чўзилмади. Тўрт дақиқа ўтиб «Челси» бурчак зарбаси ижро этди, Каземиро тўпни бош билан узоқлаштирди, Кайседо жарима майдонидан чиққан тўпни бир уринишда дарвоза тўрига жойлади. Онана яқин бурчакка келган тўпга бармоқлари билан етишга улгурди, аммо жамоасини қутқара олмади – 1:1.

Кўп ўтмай де Лигт тойиб кетди ва меҳмонларга яна бир хавфли вазият совға қилди. Захирадан ўйинга қўшилган Энцо Фернадес ҳам жарима майдони чизиғи атрофидан зарба йўллади, аммо тўп тўсин юқорисидан ўтиб кетди. Ўйин охирида «Челси» ва «МЮ» бир неча мартадан яхши вазиятларга эга бўлишди. Мезбонлар ғалабага яқинроқ эди, аммо Гарначо ва Фернандес қулай имкониятлардан фойдалана олмади. Ўйиндаги эътиборга молик энг охирги эпизод – Мартинеснинг фоли бўлди Ҳимоячи бутсасининг остки қисми билан Палмернинг тиззасига зарба берди, аммо ҳакам сариқ карточка билан кифояланди.

11 ноябргача «қизил иблислар»ни бошқарадиган Руд ван Нистелрой қаторасига иккинчи ўйинда ютқазмаяпти - жамоа тен Ҳаг кетганидан кейин яхшироқ ўйнамоқда. Лекин 1:1 ҳисоби кўпроқ бу жамоаларнинг рақибларини хурсанд қилади. «МЮ» кучли тўртликка яқинлашиш имконидан фойдалана олмади.

«Тоттенҳэм» – «Астон Вилла» 4:1
Голлар:
0:1 – 32 Рожерс, 1:1 – 49 Жонсон, 2:1 – 75 Соланке, 3:1 – 79 Соланке, 4:1 – 90+6 Мэддисон.
«Тоттенҳэм» – Викарио, Удожи (Грэй, 82), Дрэгушин, Ромеро (Дэвис, 61), Порро, Сарр, Бентанкур (Биссума, 56), Кулусевски, Сон Ҳён Мин (Ришарлисон, 56), Соланке, Жонсон.
«Астон Вилла» – Мартинес, Дин, Пау Торрес, Конса, Кэш (Диего Карлос, 60), Тилеманс (Камара, 81), Онана, Рэмзи (Филоджин-Байдейс, 81), Макгинн (Бэйли, 80), Рожерс (Дуран, 69), Уоткинс.

Мезбонлар биринчи бўлимни ҳисобда ортда борган ҳолда якунлашди. «Астон Вилла»га бурчак зарбаси муваффақият келтирди, Викарио оёғига ташлаб берган тўпни Роджерс мамнуният билан дарвоза тўрига йўллади ва қаторасига учинчи сафар ўйинида гол урди. Стандарт вазиятлардан гол уриш бўйича Унаи Эмери жамоаси «Арсенал» билан тенглашиб олди (5 тадан). «Тоттенҳэм» эса йил бошидан буён ўн иккинчи бор ўз аренасидаги ўйинда рақибга ҳисобни очишга имкон берди. Шу билан бирга, шундан етти ҳолатда «шпорлар» ўйинни ғалабагача олиб бора олишган, иккинчи бўлим бошида Сон Ҳён Мин қанотдан Жонсонни голли узатма билан таъминлаганида мезбонлар ўз одатий ишини қилишга киришди.

Кўп ўтмай кореялик футболчи алмаштирилди. Ангелос Постекўғли бу билан яқинда жароҳатидан тузалган асосий юлдузини асрашни истади. Сардорнинг майдонни тарк этиши «Тоттенҳэм» уч дақиқа ичида Соланкенинг дубли билан меҳмонларни таслим қилишига халал бермади. Ҳафта ўртасида «Кристал Пэлас»га ютқазиб, Лига кубогини тарк этган «Вилла» ҳафтани топ-4 дан ташқарида қолиш билан якунламоқда, «шпорлар» эса ўзаро учрашувдаги ғалаба эвазига икки очколик масофада яқинлашиб олди.

Испания: «Барса» тўртта гол ўтказди, учтаси ҳисобланмади

«Барселона» – «Эспанол» 3:1
Голлар:
1:0 – 12 Олмо, 2:0 – 23 Рафиня, 3:0 – 31 Олмо, 3:1 – 63 Пуадо.
«Барселона» – Пеня, Балде, Мартинес, Кубарси, Форт (Кунде, 78), Педри (Гави, 85), Касадо (де Йонг, 56), Олмо (Лопес, 56), Рафиня (Фати, 85), Ямал, Левандовски.
«Эспанол» – Гарсия, Ромеро (Оливан, 78), Кабрера, Кумбула (Серджи Гомес, 40), Ал-Ҳилолий (Унювар, 78), Бауса (Смит, 62), Каррерас, Техеро, Агуадо (Шеддира, 62), Крал, Пуадо.

Каталония дербиси тақдири биринчи бўлимдаёқ ҳал бўлди ва бу чиройли тарзда амалга оширилди. Биринчи голли ҳужумда Ямал шведка услубидаги паси билан яна барчани ҳайратга солди, «Эспанол»нинг икки ҳимоячиси орасидан ўтган тўп дарвоза қаршисидаги Дани Олмога етиб борди. Бўлим охирида узоқ масофадан қайтариб бўлмас зарба йўллаб, дублини нишонлаган ушбу яримҳимоячи «Барселона»да фантастик сермаҳсулликка эришмоқда — беш ўйинда етти бор дарвоза соҳасига тўғри зарба йўллаб, беш гол урди.

Умуман, бу мавсумда кўк-анорранглилар сафида кўпчилик яхши ўйнамоқда. Касадо — ичкаридан хавфли узатмалар берадиган диспетчер, унинг иккинчи гол урилишида Рафиняга берган паси дерби безагига айланди. Жамоа етакчисига айланган бразилиялик ҳужумчи навбатдаги чиройли ҳаракати билан мавсумдаги голлари сонини еттитага етказди. «Барса» мавсум стартидаги 12 ўйинда жами 40 бор рақиблар дарвозаларини ишғол этган. Бу давр оралиғида бундан яхшироқ сермаҳсуллик фақат 1950/51 йиллар мавсумида кузатилганди. Қолаверса, Ҳанси Флик Зинедин Зиданнинг дебют мавсумдаги самарадорлик бўйича натижасини такрорлади. Фақат германиялик мутахассис шогирдларининг иккинчи бўлимдаги ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилгани даргумон: «Барса» дарвозаси тўрт бор ишғол этилди, аммо уларнинг фақат биттаси инобатга олинди, икки гол офсайд, туфайли, яна бири ҳужум вақтида тўп майдон чизиғини кесиб ўтгани учун бекор қилинди. Бу Флик учун огоҳлик қўнғироғи - унинг ҳимоя чизиғини олдинга чиқариши асосланган услуби кун келиб панд бериши мумкин.

Нима бўлганда ҳам, энди «Барселона» «Реал»ни 9 очколик фарқ билан ортда қолдирмоқда. Фақат мадридликларда захира ўйини ҳам бор. Ҳалокатли сув тошқинлари туфайли «Валенсия»га қарши ўйин қолдирилган.

«Атлетико» – «Лас-Палмас» 2:0
Голлар:
1:0 – 37 Симеоне, 2:0 – 83 Серлот.
«Атлетико» – Облак, Галан (Рейнилду, 84), Лангле, Хименес, Молина, Лино (Галлаҳер, 46), Барриос (Де Паул, 46), Коке, Симеоне (Витцел, 84), Алварес (Корреа, 65), Гризманн (Серлот, 65).
«Лас-Палмас» – Силлессен (Хоркаш, 60), Мунйос, Маккенна, Суарес (Мармол, 81), Вити, Кампанья (Хави Мунйос, 64), Эссугу, Родригес (Фустер, 87), Молейро, Фабиу Силва (Мата, 87), Сандро Рамирес (Макберни, 64).

Йигирма йил муқаддам — «Атлетико» сафидаги тўққизинчи ўйинида — «матрасчилар»нинг ҳозирги бош мураббийи Диего Симеоне мадридликлар жамоаси учун илк голини урганди. Энди унинг кенжа ўғли Жулиано ҳам саккизинчи ўйинига келиб голлар ҳисобини очди. Форвард Молинанинг анча ичкаридан узатган пасига очилиб, ҳимоячилардан қочиб кетган ҳолда олис бурчакни нишонга олгач, стадион ҳиссиётлардан портлади. Катта Симеоне ҳам ўз табассумини яшира олмасди, унинг ўғли эса нафақат голи билан, балки «Атлетико» рамзини ўпган ҳолда томошабинларни хурсанд қилди.

Мезбонлар Чемпионлар лигасидаги навбатдаги ўйинни ҳисобга олган ҳолда кўп куч сарфламай ўйинни ғалабага олиб борди. Ўйин охирларида Серлот Де Паулнинг узатмасидан унумли фойдаланиб, ҳисобни ишончли кўринишга келтирди. Норвегиялик ҳужумчи 2021 йилда Испанияга келганидан буён 43 гол урган. У бу борада фахрий ҳужумчи Яго Аспас билан тенг натижа кўрсатмоқда, бу даврда фақат Левандовски (56), Винисиус Жуниор (47) ва Бензема (46) ундан кўпроқ гол уришган.

Италия: «Интер» пешқадамни таъқиб этмоқда

«Наполи» – «Аталанта» 0:3 
Голлар:
0:1 – 10 Лукман, 0:2 – 31 Лукман, 0:3 – 90+2 Ретеги.
«Наполи» – Мерет, Оливера (Спинаццола, 76), Буонджорно, Ррахмани, Ди Лоренцо, Мактоминей, Гилмор (Распадори, 62), Замбо-Ангисса, Кварацхелия (Нерес, 71), Лукаку (Симеоне, 76), Политано (Нгонж, 62).
«Аталанта» – Карнезекки, Колашинац (Коссуну, 71), Хин, Жимшити, Пашалич (Брешианини, 82), Руджери, Эдерсон, де Рон, Дзаппакоста (Белланова, 82), Лукман (Самарджич, 76), де Кетеларе (Ретеги, 76).
Огоҳлантиришлар: Колашинац (65), Маццокки (90+3), Ретеги (90+4), Жимшити (90+4).

Мавсумни Веронада 0:3 ҳисобида мағлуб бўлиш билан бошлаган «Наполи» кейинги турларда буткул ўзгарди. Жамоа тўққиз турда мағлуб бўлмади ва оралиқда атиги икки гол ўтказиб юборди, Антонио Конте манзилига олқишлар ёғилди, жамоа эса турнир жадвалида яккапешқадам бўлиб олди. Аммо бу якшанбада Неаполга «Аталанта» ташриф буюрди ва Жан Пиеро Гасперини жанублик мухлисларга шафқат қилмади. Биринчи бўлимдаёқ Де Кетеларе — Лукман жуфтлиги ўйин тақдирини ҳал қилишди. Биринчи ҳолатда белгиялик яримҳимоячи тўпни боши билан дарвоза қаршисида турган нигериялик жамоадошига етказиб берди. Иккинчи ҳолатда Лукман узоқ масофадан йўллаган зарбаси билан Меретни иложсиз аҳволга солиб қўйди.

Бергамоликлар тўпурари Ретеги ҳам ортда қолишни истамади. У бу сафар иккинчи бўлим охирларида захирадан ўйинга қўшилди ва Белланованинг узатмасидан кейин чиройли зарба бериб, ҳисобни йириклаштирди. Бу Конте учун А серияда 2009 йил 7 ноябридан буён энг йирик мағлубият бўлди. Эътиборли жиҳати, ўшанда Антонио «Аталанта» бошқарувида ўзининг қадрдон жамоаси «Ювентус»га 2:5 ҳисобида ютқазганди. У вақтда бергамоликлар анча камтар жамоа эди, охирги йилларда эса бош соврин учун курашмоқда.

«Интер» – «Венеция» 1:0
Гол:
1:0 – 65 Мартинес.
«Интер» – Зоммер, Бастони (Биссек, 70), де Врей, Павар, Димарко (Дармиан, 76), Думфрис, Мхитарян, Зелински (Фраттези, 84), Барелла (Чалхонўғли, 70), Мартинес (Торимий, 71), Тюрам.
«Венеция» – Станкович, Идзес, Свобода, Алтаре (Шверко, 46), Хапс, Дзампано (Эллертссон, 77), Чрнигой (Бузио, 46), Андерсен (Данкан, 77), Николусси-Кавиля (Йебоа, 83), Похянпало, Ористанио.

Нерадзуррилар Чемпионлар лигаси ўйини арафасида куч тежаб ўтирмади ва «Венеция»га қарши ўйин учун энг яхши ресурсларини ташлади, аммо биринчи бўлим дарвозабонларга аталди. Станкович энг яхши сейвини Мхитарянга гол уришга имкон бермаганида амалга оширди, Зоммер эса «Интер» тарбияланувчиси Ористанионинг яқин масофадан йўллаган зарбасини қайтарди.

Швейцариялик дарвозабон иккинчи бўлимда ҳам ҳисоб 0:0 ҳолатида қутқарди, тўпга бир тегинишда дарвозанинг юқори бурчагини ишғол этган Мхитаряннинг голи эса бекор қилинди. Унга ассистентлик қилган Димарко офсайд ҳолатида қолгани ойдинлашди. Аммо у барибир тўғри ҳолатда туриб Лаутаро Мартинесга голли узатма берди. Аммо бу ҳали ўйин ҳал бўлиши эмасди. Кетма-кет вазиятларни йўққа чиқарган амалдаги чемпионлар қўшиб берилган дақиқаларда очколардан қуруқ қолиши мумкин эди, аммо VAR меҳмонларнинг голини бекор қилди. Энди кейинги ҳафтада Миланга келадиган «Наполи» билан орадаги фарқ атиги бир очкони ташкил этмоқда.

Франция: «Марсел» иккинчи

«Нант» – «Марсел» 1:2
Голлар:
0:1 – 24 Мопе, 1:1 – 39 Кадевере, 1:2 – 61 Гринвуд.
«Нант» – Лафон, Коцца, Паллуа, Кастеллетто, Коко (Амян, 68), Дуглас (Гирасси, 80), Чиривеля, Томас (Ганаго, 68), Саймон, Кадевере (Гбамен, 80), Муҳаммад (Аблин, 68).
«Марсел» – Рули, Мерлен (Мурило, 59), Балерди, Лирола (Корнелиус, 69), Кондогбиа, Хейбьерг, Рабио, Коне (Луис Энрике, 59), Роу (Брассе, 69), Гринвуд, Мопе.

Ўтган турда ўз уйида «ПСЖ»га қарши кечган класикода йирик ҳисобда ютқазган (0:3) провансалликлар Нантдаги ўйинни кучли бошлади. Шунга қарамай, «канарейкалар» жавоб қайтара олишди ва жамоалар танаффусга дуранг ҳисоб билан йўл олишди. Мопе ва Кадевере қанотдан узатмалардан кейин ўхшаш голлар уришди. Иккинчи бўлимда эса Гринвуда «Марсел»га ғалаба келтиди. Англиялик футболчининг голи Роберто Де Дзерби жамоасига қўшимча кўрсаткичлар бўйича «Монако»ни қувиб ўтиб, иккинчи ўринга кўтарилишда ёрдам берди. Жамоа бу мавсум сафар ўйинларини яхши ўтказмоқда, марселликлар ўз тарихида учинчи бор мавсум стартидаги олти сафар ўйинидан бештасида ғалабага эришди.

Кун статистикаси

«Атлетик» футболчилари «Бетис»га қарши ўйиннинг биринчи бўлими давомида уч бор дарвоза тўсини ва устунларини нишонга олишди. Ла лигада охирги марта бундай омадсизлик 2022 йил «Леванте»га қарши ўйинда «Реал» футболчилари билан кузатилганди.

«Фиорентина» ўз тарихида 3-марта А серияда қаторасига тўрт сафар учрашувида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. «Фиалкалар» дарвозасида де Хеа пайдо бўлгунича бундай сериялар 1966 ва 2007 йилларда қайд этилган.

«Тоттенҳэм» йил бошидан буён рақиби ҳисобни очган ўйинларда 8 бор иродали ғалабага эришди, бунақаси фақат 2002 йилда «Нюкасл» билан рўй берган.

Ангелос Постекўғлига «Тоттенҳэм» АПЛда 50 голлик нуқтага етиши учун 24 уй учрашуви талаб этилди. Бундай кўрсаткичга фақат Антонио Конте бундан тезроқ эришган — 20 ўйинда.

Мавзуга оид