Жаҳон | 18:05 / 06.11.2024
7213
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ

«Толибон» 2022 йил апрелда кўкнори етиштиришни тақиқлаган эди. Натижада мамлакатда 2023 йилга келиб кўкнори етиштириш тахминан 95 фоизга қисқарган. Аммо жорий йилда Афғонистонда кўкнори экиладиган майдонлар қарийб 20 фоизга ошди.

Фото: Jim Huylebroek

Дунёдаги героин хомашёсининг асосий манбаи бўлган Афғонистонда кўкнори етиштириш «Толибон» тақиқидан икки йил ўтиб 20 фоизга ошди. Шунга қарамай, бу тақиққа қадар етиштирилган кўрсаткичдан сезиларли даражада кам, дейилади БМТ ҳисоботида.

«Толибон» 2022 йил апрелида кўкнори етиштиришни тақиқлаган эди. Натижада, мамлакатда 2023 йилга келиб кўкнори етиштириш тахминан 95 фоизга қисқарди. Жорий йилда эса бу турдаги гиёҳванд моддалар экиладиган майдонлар 19 фоизга ошди (12,8 минг гектаргача), шунингдек, кўкнори экиладиган ҳудудлар Афғонистон марказидан мамлакатнинг жануби-ғарбий ҳамда шимоли-шарқий қисмларига кўчди.

«2024 йилдаги ўсишга қарамай, кўкнори майдонлари 2022 йилга нисбатан кам. Бундан икки йил олдин улар 232 минг гектар ҳудудда етиштирилган», — дея таъкидланади БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳисоботида.

Қайд этилишича, 2024 йилнинг биринчи ярмида қуруқ кўкнорининг бир килограммини 730 доллар атрофида сотилган — бу тақиқдан олдинги нархдан 100 долларга қиммат. Ўтган йилги ҳисоботда кўкнори нархи 408 долларгача чиққани айтилган эди.

2023 йилда Афғонистонда етиштирилган кўкнорининг қарийб ярми Покистон билан чегарадош жануби-ғарбий вилоятлар ҳисобига тўғри келган бўлса, жорий йилда ушбу ҳудудлар сезиларли даражада қисқарган. Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош шимоли-шарқий вилоятларда эса экин майдонлари 381 фоизга ошиб, 7563 гектарга етган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 3 апрел куни «Толибон» ҳаракати Афғонистон ҳудуди бўйлаб кўкнори етиштириш ва гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришни тақиқлади. Шунингдек, тақиқ барча турдаги гиёҳвандлик воситалари ва уларни ўз ичига олган таблеткалар ёки спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, ташиш, сотиш, экспорт ва импорт қилишга тааллуқли. Ўшанда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев «Толибон» муваққат ҳукумати томонидан кўкнори етиштириш тақиқланишини қўллаб-қувватлашини билдирган эди.

Мавзуга оид