Жаҳон | 10:09 / 09.11.2024
2067
3 дақиқада ўқилади

IISS: Европадаги НАТО давлатлари АҚШга таянишда давом этмоқда

Халқаро стратегик тадқиқотлар институти маълум қилишича, НАТОга аъзо Европа мамлакатларида қуролли кучларда кадрлар етишмаслиги энг кескин муаммо бўлиб қолмоқда.

Фото: AFP

2024 йилда НАТО Европа давлатларининг мудофаа харажатлари Россия Украинанинг Қрим яриморолини қўшиб олган 2014 йилга нисбатан деярли 50 фоизга кўп бўлган. Шу билан бирга, Европа давлатларининг қуролли кучлари «барча ҳарбий соҳаларда у ёки бу даражада АҚШга таянишда давом этмоқда». Бу ҳақда Лондонда жойлашган Халқаро стратегик тадқиқотлар институти (IISS) 8 ноябр, жума куни чоп этилган ҳисоботида айтилади.

Европанинг ҳарбий арсенали «совуқ уруш тугаганидан кейин ва кейинги ўн йилликлардаги сиёсий қарорлар натижасида қисқарди». IISS маълумотларига кўра, Европада мудофаа саноати ҳам қисқартирилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2022 йилдан бери Россиянинг Украинага ҳужумидан кейин ҳаво мудофааси ва артиллерия каби қатор соҳаларда ишлаб чиқариш доимий равишда ошиб бормоқда. Шундай қилиб, Германиянинг Rheinmetall мудофаа компанияси томонидан чиқариладиган 155 мм снарядларнинг йиллик ишлаб чиқарилиши ўн баравар ошди ва 700 000 донага етди.

Кадрлар таркибида етишмовчилик

Шу билан бирга, Европада армия ходимларининг етишмаслиги мавжуд, дея таъкидлади институт. НАТО Европа мамлакатлари қуролли кучлари «ҳали ҳам яхши шакллантирилмаган», дейди тадқиқот муаллифлари. Улар ёшларнинг шартнома асосида хизмат қилишлари учун етарлича рағбат йўқлигини тан олишган.

Европадаги қурол ишлаб чиқарувчилар маблағ етишмаслигидан шикоят қилмоқда

Европадаги кичик ва ўрта мудофаа компаниялари Украинадаги уруш ва бошқа можаролар туфайли талаб ортиб бораётган бўлса ҳам, инновациялар ва ишлаб чиқариш линияларини кенгайтириш учун зарур бўлган молиялаштиришга эриша олмаяпти, деб хабар берди Reuters 31 октябр куни. У ўнга яқин компаниялар, ҳукумат амалдорлари ва мудофаа соҳаси экспертлари билан суҳбатлашди ва уларнинг барчаси Европа ҳукуматлари кичик бизнес учун молиялаштириш имкониятларини яхшилаш йўлларини кўриб чиқишлари керак деган фикрга келишди.

Ҳукумат маблағларидан фойдалана олмаслик, бюрократик тўсиқлар ва банкларнинг экологик, ижтимоий ва бошқарув (ESG) мезонларини бузиш қўрқуви туфайли кредит беришни истамаслиги Европада кичик ва ўрта мудофаа бизнесининг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда, дейди суҳбатдошлар. «Сўнгги пайтларда мудофаа ва хавфсизлик саноати дуч келган муаммоларнинг аксарияти мавжуд бўлиб қолмоқда ёки ҳатто ёмонлашмоқда», деди Чехия Мудофаа саноати уюшмаси президенти Иржи Гинек Reuters агентлигига.

Дунёда ҳарбий харажатларнинг ўсиши

Европа Комиссиясининг 2024 йилги ҳисоботига кўра, Европа Иттифоқининг мудофаа бўйича кичик ва ўрта корхоналари 1 миллиард евродан 2 миллиард еврогача бўлган қарзни молиялаштириш бўйича танқисликка дуч келмоқда, бу эса уларнинг ўсишини тўхтатиб, операцияларни қисқартиришга ва Европа Иттифоқидан ташқарида маблағ излашга мажбур қилмоқда.

Стокҳолм халқаро тинчликни ўрганиш институти (SIPRI) ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йилда жаҳонда жами ҳарбий харажатлар 6,8 фоизга ўсди ва 2,443 триллион доллар ёки жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 2,3 фоизини ташкил этиб, рекорд даражага етди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид