Жаҳон | 17:02 / 10.11.2024
19458
2 дақиқада ўқилади

Россиядаги ЙТҲда 3 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Ичида ўзбекистонликлар бўлган Cobalt “КамАЗ” юк машинаси билан тўқнашган.

Фото: Пенза вилояти давлат транспорт инспекцияси

Россиянинг Пенза областида ўзбекистонликлар кетаётган машина йўл-транспорт ҳодисасига учраган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси хабар бермоқда.

Ҳодиса бугун, 10 ноябр куни соат 4:00 ларда Пенза областидаги М-5 федерал трассасининг 738-километрида юз берган. Оқибатда уч киши воқеа жойида ҳалок бўлган, икки киши шифохонага жойлаштирилган.

Турли тан жароҳатлари билан шифохонага жойлаштирилган икки киши ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлиб, уларга Пенза области Кузнецк районлараро шифохонасида ёрдам кўрсатилмоқда.

Қайд этилишича, ҳолат Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси назоратига олинган бўлиб, тегишли мувофиқлаштириш ишлари жойига чиққан ҳолда ташкиллаштирилмоқда.

Маҳаллий масъул ваколатли органлар билан ҳалок бўлганларни ватанга қайтариш, шунингдек, жабрланганларга тиббий муолажа кўрсатилишини Бош консулхона ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари ўз назоратига олган.

Пенза области давлат автомобил инспекцияси маълумотига кўра, ҳодисада “КамАЗ” юк машинаси ва Cobalt ўзаро тўқнашган.

Оқибатда Cobalt’нинг 1996 йилда туғилган ҳайдовчиси ҳамда 1980 ва 1965 йилларда туғилган икки эркак йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган. 1995 йилда туғилган аёл йўловчи ва яна бир эркак шифохонага ётқизилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид