Жаҳон | 10:41 / 12.11.2024
2303
2 дақиқада ўқилади

КХДР Россия билан ҳамкорлик шартномасини ратификация қилди

Москва ва Пхенян ўртасидаги келишув томонлардан бирига бирон-бир давлат томонидан қуролли ҳужум уюштирилган тақдирда бир давлатдан иккинчисига ҳарбий ёрдам кўрсатишни назарда тутади.

Фото: AP

Шимолий Корея Россия билан кенг қамровли стратегик шериклик шартномасини ратификация қилди. Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин тегишли ҳужжатни 11 ноябр, душанба куни имзолади, деб хабар бермоқда Корея марказий ахборот агентлиги.

Битим ратификация ёрлиқлари алмашилган кундан бошлаб кучга киради. Россия уни икки кун олдин ратификация қилган.

Путиннинг Пхенянга ташрифи давомида имзоланган

19 июн куни КХДР пойтахтида Россия президенти Владимир Путиннинг ташрифи доирасида Москва ва Пхенян ўртасида кенг қамровли стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим тузилди. Бошқа нарсалар қаторида, битим томонлардан бири бирон-бир давлат томонидан қуролли ҳужумга учраса ва шу тариқа уруш ҳолатига тушиб қолса, бир мамлакатдан бошқасига «барча воситалар билан» ҳарбий ва бошқа ёрдам кўрсатишни назарда тутади.

КХДР ҳарбийлари Россияга жўнатилди

Сўнгги ҳафталарда Жанубий Корея, АҚШ ва Украина разведкаси Шимолий Корея қўшинларининг Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россияга ўтказилгани ҳақида бир неча бор хабар берган. Пхеняннинг бу хатти-ҳаракати БМТда хавотир ҳамда НАТО ва Европа Иттифоқининг танқидига сабаб бўлди.

Сеул, Вашингтон ва Киев маълумотларига кўра, КХДР кучларининг бир қисми қарши ҳужумда иштирок этиш учун Украина билан чегарадош Курск областига жойлаштирилган. Айни пайтда Шимолий Корея ҳарбийлари бу минтақада аллақачон йўқотишларга дучор бўлмоқда, деди Украина президенти Володимир Зеленский.

Мавзуга оид