Норвегия валиаҳд маликасининг ўғли зўравонлик иши бўйича ҳибсга олинди
Мариус Борг Хёйби қаршилик кўрсата олмаган аёлга жинсий тажовуз қилганликда айбланмоқда.
Норвегия валиаҳд маликаси Метте-Маритнинг тўнғич ўғли Мариус Борг Хёйби бир ҳафтани тергов ҳибсхонасида ўтказади. Бундай қарор 20 ноябр, чоршанба куни Осло суди томонидан қабул қилинди.
Қайд этилишича, йигит жинсий зўравонликда айбланмоқда. Бу Мариус Борг Хёйби билан боғлиқ иккинчи шундай ҳодисадир, дея хабар беради ZDF немис телеканали Осло полиция прокурори Андреас Крусшевскининг сўзларига таяниб. Иккала ҳолатда ҳам гап «қаршилик кўрсата олмаган аёлга нисбатан жинсий ҳаракатлар» ҳақида кетяпти. Норвегия полицияси сайтининг хабар беришича, жорий иш бўйича тергов 6 ноябр куни прокуратура томонидан очилган.
Хёйби 19 ноябрга ўтар кечаси Осло чеккасида машинада қўлга олинган. Валиаҳд малика ўғлининг қароргоҳи тинтув қилинди.
NRK телерадиокомпаниясига берган изоҳида, Хёйбининг адвокати унинг мижози айбсизлигини ва прокурор вазиятни «фалокатли даражада нотўғри баҳолаган»лигини айтди.
Ўтган ойларда Норвегия валиаҳд маликасининг ўғлига нисбатан бошқа айбловлар қўйилди — хусусан, унинг собиқ қиз дўстларига тан жароҳати етказиш ва мулкка зарар етказиш, дея эслатади журналистлар.
Мариус Борг Хёйби Норвегия валиаҳд маликаси Метте-Маритнинг олдинги шеригидан туғилган. Унинг валиаҳд шаҳзода Хаакондан яна икки фарзанди бор — валиаҳд малика Ингрид Александра ва шаҳзода Сверре Магнус. Хёйби қирол оиласига мансуб, лекин шаҳзода унвонига эга эмас ва қироллик уйининг расмий аъзоси ҳисобланмайди.
Мавзуга оид
13:50 / 25.10.2024
Ўзбекистондан Дания ва Норвегияга миллий маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилади
19:30 / 24.10.2024
Норвегияда 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш таклиф этилди
09:10 / 16.10.2024
Россия Норвегиядаги элчихонаси штатини қисқартирди
20:31 / 12.10.2024