Жаҳон | 15:35
1339
3 дақиқада ўқилади

Малида «Вагнер» ХҲКнинг бир неча ёлланма аскарлари ўлдирилди

«Ал-Қоида»га алоқадор гуруҳ томонидан уюштирилган ҳужумда камида олти нафар россиялик ёлланма аскар ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда АР ахборот агентлиги. Жангариларнинг баёнотида айтилишича, «вагнерчилар» колоннаси уларнинг пистирмасига учраган.

Фото: Александр Река / ТАСС

«Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг камида олти нафар россиялик ёлланма аскарлари Мали марказида «Ал-Қоида»га алоқадор гуруҳ томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида ҳалок бўлди. «JNIM қисқартмаси билан танилган гуруҳ пайшанба куни Мопти минтақасида «Вагнер» гуруҳи учун ишлаган ёлланма аскарлар карвонига пистирма уюштирганини, жангчиларни ўлдирганини ва уларнинг машиналарини портлатиб юборганини маълум қилди», — дейилади 23 ноябр, шанба куни АР хабарида.

Ҳужумнинг ўзи 21 ноябр куни содир бўлган. Бу ҳақдаги маълумотни АР билан суҳбатда Мали хавфсизлик хизматларидаги манба тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, «вагнерчилар» назорат-ўтказиш пунктида бўлганларида ҳужумга учраган. Аввалроқ Reuters агентлиги Site Intelligence Group мониторинг гуруҳига таяниб, ҳужум натижасида «Вагнер» ХҲКнинг камида етти нафар ёлланма аскари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. Агентлик ҳақиқийлигини тасдиқлай олмаган видеода машина ёнида ётган ҳарбий кийимдаги беш кишининг жасади акс этган.

Июлда Малидаги исёнчилар 84 нафар «вагнерчи»ни йўқ қилди

Август ойи бошида AFP агентлиги 25 июлдан 27 июлга қадар Тинзауатен аҳоли пункти яқинидаги жангларда «Вагнер» ХҲКнинг 84 нафар жангчиси ва Мали ҳукумати армиясининг 47 нафар аскари ҳалок бўлганини хабар қилган эди. 29 июл куни «Разгрузка Вагнера» Telegram-каналида рус ХҲК Мали шимолида, Жазоир билан чегара яқинида «Азавад мувофиқлаштириш ҳаракати» ва «Саҳелдаги Ал-Қоида» жангарилари билан олиб борилган жангларда йўқотишларга учраганини тасдиқловчи маълумотни эълон қилди. Бу 22 июлдан 27 июлгача бўлган даврда Тинзауатен аҳоли пункти яқинида содир бўлган. «Россия ёлланма аскарлари ва Мали аскарлари қочиб кетишди. Бошқалар таслим бўлишди», деди бўлгинчи қуролли гуруҳларнинг CSP-DPA алянси вакили Муҳаммад Элмаулоуд Рамадан AFP'га.

Мавзуга оид