Жаҳон | 19:39 / 27.11.2024
8025
2 дақиқада ўқилади

2024 йилда Россияни бир миллион мигрант тарк этди

Россиядан асосан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари чиқиб кетган. Уларни ҳатто иш ҳақининг ошиши ҳам тўхтата олмагани таъкидланмоқда.

Фото: dailymoscow.ru

Россиянинг «Мигрант-Сервис» платформаси директори, ишга қабул қилиш бўйича эксперт Андрей Кладов сўзларига кўра, 2024 йилда бир миллион мигрант Россияни тарк этган.

«Чет эллик ишчиларнинг кетаётгани кундек равшан. Январ-сентябр ойларида бир миллионга яқин одам мамлакатни тарк этди», деди Кладов.

Унинг қўшимча қилишича, Россиядан асосан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари чиқиб кетган.

Кладов сўзларига кўра, ҳозир ҳар бир мигрантга 10 та бўш иш ўрни тўғри келади, бироқ иш ҳақининг ошиши ҳам хорижликларни тўхтата олмаяпти. 2024 йил бошида хорижликлар ишлаб чиқаришда ўртача 105 минг рубл, ёзда эса 150 минг рубл даромад олган. Айниқса, қурувчилар ва куриерлар учун иш ҳақи ошган.

Ноқонуний мигрантлар Россия иқтисодиётига фойда келтирмайди, шунинг учун уларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши жиддий оқибатларга олиб келмайди. Бу ҳақда Давлат думаси депутати Светлана Бессараб маълум қилди.

«Ҳеч ким меҳнат миграциясини тақиқламади. Кимдир юртимизга келиб ишлашни истаса, бунга ҳақли. Шу тариқа иш берувчилар оддий мигрантларни жалб қилиши мумкин. Ҳозир аниқ ва шаффоф жараёнлар ташкил этилди», деди депутат.

Бессарабнинг қўшимча қилишича, Россиядаги яширин бозорни ноқонуний мигрантлар тўлдирган. Бундай ҳолат мамлакат иқтисодиётига фойда келтирмайди, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашда муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Шу билан бирга, парламентарий Россия меҳнат мигрантлари учун янги талаблар киритилмаганини таъкидлади. Бунинг ўрнига мамлакат мавжуд стандартларни кучайтирди, деди Бессараб.

Мавзуга оид