Жаҳон | 18:24
907
2 дақиқада ўқилади

Bloomberg: АҚШда Microsoftʼга нисбатан кенг кўламли тергов бошланди

Федерал савдо комиссияси компания фаолиятининг барча йўналишларини ўрганади. Америка регулятори Microsoftʼнинг булутли ҳисоблаш бизнесини ўз маҳсулотлари киберхавфсизлиги билан боғлиқ бир қатор ҳодисалардан сўнг диққат билан кузатиб бормоқда.

Фото: Bloomberg

АҚШда Microsoft компаниясига нисбатан кенг кўламли антимонополия тергови бошланди, деб хабар беради Bloomberg. Федерал савдо комиссияси (FTC) компания фаолиятининг барча — булутли ҳисоблаш тизими ва дастурий таъминотдан бошлаб, киберхавфсизлик ва СИ-маҳсулотларигача бўлган йўналишларини ўрганади.

Манбалардан бирининг сўзларига кўра, FTC Microsoftʼга минг варақдан иборат талабларини йўллаган. Таъкидланишича, Америка регулятори Microsoftʼнинг булутли ҳисоблаш бизнесини ўз маҳсулотлари киберхавфсизлиги билан боғлиқ бир қатор ҳодисалардан сўнг диққат билан кузатиб бормоқда.

Компания етакчи давлат пудратчиси бўлиб, АҚШ агентликлари, жумладан, Мудофаа вазирлигига миллиардлаб долларлик дастурий таъминот ва булутли хизматларини тақдим этади. Регулятор сўровидан хабардор суҳбатдошлардан бирининг айтишича, янги терговда асосий эътибор корпорация ўзининг машҳур офис ва хавфсизлик дастурларини булутли сервисда қандай бирлаштиришига қаратилади. Microsoft ва FTC ҳолат бўйича изоҳ беришдан бош тортган.

FTC юристлари, шунингдек, кейинги ҳафта Microsoftʼнинг рақобатчилар билан учрашиб, компаниянинг иш амалиёти тўғрисида кўпроқ маълумот тўплаш ниятида.

Январ ойида FTC OpenAI, Microsoft, Alphabet, Amazon ва Anthropic’ка қарши тергов бошлаганини эълон қилганди. Ўшанда комиссия улардан инвестициялар ва сунъий интеллектга боғлиқ компаниялар билан шерикликларига оид маълумотларни талаб қилган.

Аввалроқ Microsoft компанияси Googleʼни ўзининг регулятор ва сиёсатчилар олдидаги позициясини бузишга йўналтирилган «яширин кампания» уюштирганликда айблаганди. Microsoft ҳисоб-китобларига кўра, Googleʼга қарши камида 24 та антимонополия тергови олиб борилмоқда. Алайлининг фикрича, Googleʼнинг иккита асосий мақсади бор: Microsoftʼни ёмонлаш орқали назорат қилувчи органлар эътиборини чалғитиш, шунингдек, ўз ютуқлари асосида рақобатга киришмасдан, тартибга солиш ландшафтини булутли сервислари фойдасига буриб юбориш.

Мавзуга оид