Дунёда унумсиз ер майдонлари Антрактида майдонидан ошиб кетди
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, олдинлари ер экотизими атмосферага чиқарилган карбонат ангидрид газининг учдан бир қисмини «ютиб юбора олган», аммо охирги ўн йилнинг ўзида ушбу қобилият 20 фоизга камайган.
Потсдам иқлим ўзгаришини тадқиқ этиш институти ҳисоботига кўра, дунёда ҳосил бермайдиган ерлар майдони қўрқинчли даражага етган. Ҳар йили дунёда 1 миллион километр квадрат ҳудуд унумсиз ерга айланади. Бугунги кунда бу каби ерлар майдони 15 миллион километр квадратни ташкил этади — бу Антрактида майдонидан кўпроқ, деб хабар беради The Guardian.
Институт ҳисоботида келтирилишича, ернинг деградацияга учраши иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва глобал экологик инқирозга бевосита боғлиқ. Муаллифларнинг сўзларига кўра, олдинлари ер экотизими атмосферага чиқарилган карбонат ангидрид газининг учдан бир қисмини «ютиб юбора олган», аммо охирги ўн йилнинг ўзида ушбу қобилият 20 фоизга камайган.
Тупроқ деградациясининг асосий сабаблари — ўрмонларнинг кесилиши ва беқарор қишлоқ хўжалиги усулларидан фойдаланиш (хусусан, кимёвий ўғитлар ва пестицидлар ишлатиш — бу тупроқ эрозиясига ва сувнинг ифлосланишига олиб келади).
Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, бундай усуллардан фойдаланиш қисқа муддатли истиқболда иқтисодий жиҳатдан фойдали кўринса-да, келажакда тупроқ унумдорлигига таъсир кўрсатиб, чанг бўронларини келтириб чиқаради. Бу эса ўз навбатида ҳосилдорликнинг тушиб кетишига олиб келади.
Айни вақтда Жанубий Осиё, Африка, Хитой шимоли ва Ўрта Ер денгизида ушбу муаммолар кузатилмоқда. Ҳозирда инсониятнинг учдан бир қисми қурғоқчил ҳудудларда яшаяпти.
Ҳисобот орқали Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида 200 та давлат вакиллари иштирокида бўлиб ўтадиган саммит олдидан барқарор ерни бошқариш бўйича глобал саъй-ҳаракатлар муҳимлигини эслатиш мақсад қилинган.
Аввалроқ 2024 йил тарихдаги энг иссиқ йил бўлиши кутилаётгани тўғрисида хабар берилганди. Европанинг Ерни масофадан зондлаш хизмати Copernicus ҳисоботига кўра, жорий йилнинг 10 ойида ўртача глобал ҳарорат 1991-2020 йиллардаги кўрсаткичдан 0,71 даражага юқори бўлган.
Мавзуга оид
23:46 / 02.12.2024
Кейинги 30 йил ичида миллионлаб инсонлар «замонавий қуллик» шароитига тушиб қолиши мумкинлиги айтилди
22:39 / 30.11.2024
Сунъий интеллект олдин номаълум бўлган экстремал иқлим ҳодисасини аниқлади
22:59 / 21.11.2024
Иқлим ўзгариши тўфонлар тезлигини оширмоқда — тадқиқот
13:55 / 20.11.2024