Фан-техника | 13:48 / 02.12.2024
5236
7 дақиқада ўқилади

Уранда балиқ борми? Олимлар олис сайёрада ҳаёт бўлиши мумкинлигини айтмоқда

Уран сайёраси ва унинг бешта энг йирик йўлдошида мутлақо ҳаёт йўқ деган қараш нотўғри бўлиши мумкин. Аксинча, сўнгги маълумотларга қараганда, уларнинг сиртида бутун бошли океанлар сузиб юргани, сайёра йўлдошлари эса назарий жиҳатдан ҳатто яшаш учун яроқли бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Фото: Wikipedia

Одамларда Уран сайёраси ҳақидаги тасаввурларнинг аксарияти NASA’нинг “Вояжер-2” космик миссияси кузатувлари натижасида пайдо бўлган. Аммо “Вояжер-2” ташрифи кучли қуёш бўрони билан бир вақтга тўғри келган, бу эса аппарат томонидан олинган маълумотларни бузиб кўрсатган, оқибатда ушбу сайёра тизими ҳақида нотўғри тасаввур шаклланган, дея ёзади BBC.

Уран — Қуёш тизимининг энг чеккасида жойлашган ниҳоятда гўзал сайёра. Муз қобиғи билан ўралган бу сайёра энг узоқ ва совуқ осмон жисмларидан ҳисобланади.

Бундан ташқари, Қуёш тизимидаги бошқа барча сайёралардан фарқли ўлароқ, Ураннинг айланиш ўқи унинг орбита текислигида жойлашган, яъни сайёра гўё ағдарилиб, ёнбошлаб ётгандек кўринади — бу эса уни янада сирли қилади.

Сайёранинг яқиндан олинган тасвирларини илк бор 1986 йилда кўрганмиз — ўшанда Уран яқинидан учиб ўтган “Вояжер-2” унинг ўзи ва бешта энг катта йўлдоши суратларини юборган.

Аппарат томонидан олинган маълумотлар эса олимларни янада ҳайратга солди. Улардан маълум бўлишича, Уран тизими биз ўйлагандан анча ғалатироқ ва ажойиброқ тузилган. Қуёш системасининг ташқи қисмидаги бошқа барча сайёралардан фарқли ўлароқ, сайёранинг ўзида ҳам, унинг йўлдошларида ҳам ҳеч қандай фаоллик аниқланмаган.

Кузатувлар натижаларига кўра, Ураннинг ҳимоя магнитосфераси сайёрага нисбатан симметрик эмас, балки Қуёшга қараган томондан сал силжиган ва ясси ҳолатда.

Одатда, сайёра магнит майдони геологик фаоллик натижасида унинг қаъридан отилиб чиқадиган газлар ва бошқа моддаларни сайёрадан ташқарига чиқармайди. “Вояжер-2” Уранда бундай жараёнларнинг бирорта белгисини топмади. Бу эса олимларни Ураннинг ўзи ва бешта энг йирик йўлдошида мутлақо ҳаёт йўқ, деган хулосага олиб келди.

Сўнгги кашфиёт олимлар учун кутилмаган янгилик бўлди, чунки юқорида таъкидланганидек, Уран Қуёш тизимидаги бошқа барча сайёралардан ва уларнинг табиий йўлдошларидан ажралиб туради.

Расм: Уран йўлдошларидан бири Миранданинг “Вояжер-2” томонидан олинган сурати. Янги тадқиқотга кўра, Миранда сиртининг остида бутун бошли океан яширинган бўлиши мумкин – ҳатто яшаш учун қулай шароитлар борлиги эҳтимолдан холи эмас.

Уранда океан борми?

Ўн йиллар давомида ечилмай келган жумбоқ янги маълумотлар таҳлили туфайли ҳал этилди. Сўнгги тадқиқотлар “Вояжер-2” Уран яқинидан жуда ноқулай вақтда учиб ўтганини кўрсатди.

Расм: “Вояжер-2” Юпитер, Сатурн, Уран ва Нептунни ўрганиш учун 1977 йилда учирилган.

Аппарат сайёрага энг яқин масофага келган пайтда, Қуёшда магнит бўрони авж олган. Натижада, кучли қуёш шамоли юзага келган — у сайёрадаги фаоллик изларини учириб юборган ёки магнитосферани вақтинча ўзгартириб қўйган бўлиши мумкин.

Лондон Университет коллежи доктори Уилям Данннинг айтишича, 40 йил давомида Уран ва унинг бешта энг катта йўлдоши ҳақида нотўғри тасаввурга эга бўлиб келганмиз.

“Сўнгги натижалар Уран тизими илгари ўйланганидан кўра анча қизиқарли бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда”, — деб тушунтиради у. “У ерда ҳаётни қўллаб-қувватлай оладиган шароитларга эга йўлдошлар мавжуд бўлиши мумкин. Уларнинг сиртида эса балиқларга тўла океанлар мавжланиб ётгани ҳам эҳтимолдан холи эмас!”

“Вояжер” Уран ҳақида дастлабки маълумотларни юборган пайтда миссия илмий ходимлари орасида ёш Линда Спилкер ҳам бор эди. Ҳозиргача NASA’нинг “Вояжер” илмий лойиҳасида ишлаб келаётган олим янги тадқиқотлар натижаларини ўқиб, мамнун бўлганини айтди.

“Ажойиб натижалар, мен Уран сайёралар тизимида ҳеч бўлмаганда назарий жиҳатдан ҳаёт учун қулай шароитлар мавжуд бўлиши мумкинлигидан жуда хурсандман”, — деб у таъкидлади. “Янада қувонарлиси шундаки, “Вояжер” томонидан 1986 йилда тўпланган маълумотлар ҳанузгача ўрганилмоқда ва янги илмий кашфиётларга имкон бермоқда”.

Тадқиқотда иштирок этмаган Дублин Истиқболли тадқиқотлар институти мутахассиси, доктор Аффелия Вибисоно ҳам натижаларни жуда руҳлантирувчи деб баҳолади:

“Бу эски маълумотларга мурожаат қилиш қанчалик муҳимлигига яна бир мисол. Чунки баъзида улар ортидан кейинги космик миссияларни ишлаб чиқишда асқатадиган янгиликлар пайдо бўлиши мумкин.”

NASA айнан шу иш билан шуғулланмоқда, бунга қисман янги тадқиқот туртки бўлди. “Вояжер-2” сўнгги марта музлаган Уран ва унинг йўлдошлари ёнидан учиб ўтганидан бери қарийб 40 йил ўтди.

Яна 10 йилдан кейин NASA сайёрани батафсил ўрганиш учун янги миссия — “Уран” орбитал зондини учиришни режалаштирмоқда.

Расм: Сатурн йўлдошларидан бири Энселадусдан чиқаётган модда излари сайёра сиртининг остида океан мавжуд бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Уран йўлдошлари ҳам шундай тузилишга эга бўлса-чи?

“Вояжер-2” узатган маълумотларни қайта ўрганиш ғояси билан чиққан NASA ходими Жейми Ясински ўз ишининг натижалари Уранга юборилаётган ҳар қандай илмий миссияга бебаҳо ёрдам кўрсатишига ишонч билдирди.

“Янги космик кемалар учун айрим асбоб-ускуналарни ишлаб чиқиш асосан “Вояжер-2” кузатувларига таяниб амалга оширилганди”, — деб эслайди у. “Энди билсак, бу кузатувлар бутун сайёралар тизими ғайритабиий ҳодисани бошдан кечираётган пайтда амалга оширилган экан. Шунинг учун янги миссия учун қурилмаларни қандай ишлаб чиқиш масаласни қайта кўриб чиқишимиз керак. Улар янги кашфиётлар учун зарур бўлган энг аниқ маълумотларни тўплай олиши лозим”.

NASA зонди Уранга 2045 йилда етиб бориши кутилмоқда. Ўшанда бир пайтлар ўлик деб ҳисобланган олис сайёралар яшаш учун қанчалик яроқлилигини аниқлаш мумкин бўлади, деб умид қилмоқда олимлар.

Мавзуга оид