Жаҳон | 21:38 / 03.12.2024
6505
1 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея парламенти ҳарбий ҳолатни бекор қилишни ёқлаб овоз берди

Парламент биносида ҳарбийлар ва депутатлар тўқнашди. Парламентдаги овоз бериш жараёнидан сўнг, президент жорий қилган чекловлар бекор қилинадими ёки йўқми ҳозирча номаълум.

Фото: AP

Жанубий Корея парламенти аъзолари 3 декабр куни мамлакат президенти Юн Сок Ёл томонидан жорий қилинган ҳарбий ҳолатни бекор қилишни ёқлаб овоз берди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

300 депутатдан 190 нафари аввалроқ хавфсизлик кучлари томонидан ўраб олинган Сеулдаги Миллий ассамблея биносига киришга муваффақ бўлди ва овоз бериш жараёнини ўтказди.

Reuters хабарига кўра, ҳарбийлар парламент биносига кирди ва асосий залга киришга уринганида депутатлар қаршилигига учради.

Аввалроқ, президент Юн Сок Ёл томонидан жорий этилган ҳарбий ҳолат доирасида мамлакатда ҳар қандай сиёсий фаолият, жумладан, партиялар иши ва митинглар ўтказиш тақиқланган, барча оммавий ахборот воситалари ҳарбийлар назорати остида ўтган эди.

Парламентдаги овоз бериш жараёнидан сўнг, чекловлар бекор қилинадими ёки йўқми ҳозирча номаълум.

Қайд қилинишича, Жанубий Корея парламенти олдида намойишчилар тўпланмоқда. Сеул кўчаларида ҳарбий техникалар кузатилган.

Мавзуга оид