«Пахтакор» португалиялик янги бош мураббийини таништирди
Максим Шацких ҳам клуб тизимида қолади.
Португалиялик мутахассис Педро Морейра Тошкентнинг «Пахтакор» клубида янги бош мураббий сифатида иш бошлади. Бу ҳақда клубнинг кейинги режалари бўйича матбуот анжуманида маълум қилинди.
Tribuna.uz мухбири хабар беришича, янги бош мураббий билан 1+1 схемасида шартнома имзоланган. Унга 4 нафар ҳамюрти ассистентлик қилади.
Анжуманда иштирок этган клуб раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев сўнгги мавсумларда жамоага устозлик қилиб келган Максим Шацких энди клуб раиси маслаҳатчиси сифатида ишлашда давом этишини маълум қилган.
«Шацких клубдан кетгани йўқ. Қаторасига иккита чемпионлик учун унга раҳмат айтамиз. Бу мавсумда чемпионлик мақсади қўймагандик. У директорлар кенгашида менга маслаҳатчи бўлиб қолади. Янги мураббий билан эса 1+1 кўринишида шартнома туздик ва чемпионлик вазифасини қўйдик.
Янги мураббийнинг шартномасида маоши очиқланмаслиги ҳақида банд бор. Қанча бўлса ҳам, ҳалоллаб олсин. Янги мураббийнинг ишига ҳеч ким аралашмаслиги керак. Уни ўзбеклаштириб, 1 ҳафтадан кейин чойхонадан чиқмайдиган қилиб қўймаслигимиз керак», деган у.
У жамоа тўпурар ҳужумчиси Драган Черанга жавоб берилишини маълум қилган. Ушбу 37 ёшли сербиялик футболчи жамоада 2018 йилдан буён тўп суриб келаётганди ва 151 ўйинда майдонга тушиб, 99 гол урганди.
«Черанга маслаҳатим — фаолиятини якунлаб, мураббийлик қилсин. У 38 ёшда ва бизнинг талабларимизга жавоб бермайди, келаси мавсум учун режаларимизда йўқ. Черанинг мухлислар билан хайрлашуви? Ўзи футболга атиги 500 нафар мухлис келади-ю», дейди клуб раиси.
Шунингдек, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг айтишича, келгуси йил баҳордан «Пахтакор» стадиони реконструкцияси бошланади. ФИФА стандартларига мос бўлади.
Педро Морейра «клубнинг лойиҳаси унга маъқул келганини таъкидлаб, жамоага янги услуб ва ғоялар олиб кирмоқчи эканини таъкидлаган.
«Ғояларим ва фалсафам Пахтакор билан мос келди. Ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш учун меҳнат қиламиз. Мақсадимиз — Элит ОЧЛга қайтиш. Жамоага ўз ғояларим билан ёрдам беришни истайман. Майдонда ҳамма нарсани ўйинчилар ҳал қилади. Албатта, чемпионлик учун курашамиз», деган у.
- Маълумот учун, Максим Шацких «шерлар» жамоасига 2022 йилдан буён бош мураббийлик қилаётганди. Унинг бошқарувида жамоа 2022 ва 2023 йилларда ўз тарихидаги 15 ва 16-чемпионликни нишонлади. Аммо якунланган мавсумни жамоа турнир жадвалининг 6-поғонасида якунлади.
- Педро Морейра эса ўз вақтида «Рома» ва «Шахтёр» клубларида Паулу Фонсекага ассистентлик қилган, «Спортинг» ёшлар жамоасини ҳам бошқарган.
Мавзуга оид
17:42 / 04.12.2024
«Пахтакор» бюджети 100 миллиарддан ошади». Ортиқхўжаев қониқарсиз натижа, янги мураббий, Черан ва режалар ҳақида
18:13 / 21.11.2024
Шацких «Пахтакор»даги вазифасига қайтгач, Тожиев, Черан, Собирхўжаев қайдномага ҳам киритилмади
13:50 / 02.11.2024
«Пахтакор» метро бекатининг эскалатор ўрнатилган томони вақтинча ёпилади
22:55 / 11.08.2024