Жаҳон | 09:10 / 06.12.2024
2027
3 дақиқада ўқилади

Исроил Amnesty International'ни сохталаштиришларда айблади

Amnesty International Исроилни айблаган ҳисоботини чоп этди. Исроил уларни «мутлақо ишончсиз» ва «ёлғонга асосланган» деб рад этди. 

Фото: Phil Nijhuis/ANP/picture alliance

Исроил Ғазо секторидаги Фаластин аҳолисига қарши геноцид содир этган ва содир этишда давом этмоқда. Бу ҳақда Amnesty International (AI) инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 5 декабр, пайшанба куни чоп этилган 296 саҳифалик ҳисоботида айтилган.

«Бизнинг тадқиқотимиз Исроил давлати Ғазо секторидаги фаластинликлар тузатиб бўлмас зиён кўрганини тўлиқ англаб, бир неча ойлар давомида геноцид содир этганини ва содир этишда давом этаётганини кўрсатмоқда», деди Amnesty International Германия бўлинмаси бош котиби Юлия Духров.

Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳукумати фалокатли гуманитар вазият ҳақидаги сон-саноқсиз огоҳлантиришларга эътибор бермаган ва БМТ Халқаро суди томонидан қабул қилинган қонуний мажбурий чораларни бузган. «У бир неча бор Исроилни Ғазо секторининг тинч аҳолисига гуманитар юклар етказилишини таъминлаш учун зудлик билан чоралар кўришга чақирган», — деди Духров.

Оташкесим ва кенг қамровли қурол эмбаргоси ​​зарур, деди Amnesty International Германия бўлинмаси бош котиби. Исроилга қурол етказиб беришда давом этаётган ҳар бир киши «геноцидда қатнашиш» хавфини туғдиради ва бу «айниқса, Германия каби муҳим қурол етказиб берувчиларга» тегишли, деди у.

Исроил айбловларни «мутлақо ёлғон» деб рад этди

Исроил бу айбловларни «мутлақо ишончсиз» ва «ёлғонга асосланган» дея рад этди, дея хабар беради AFP. Бу мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги хабарни қоралади. «Amnesty International фанатик ташкилоти яна бир бор тўлиқ ишончсиз ва ёлғонга асосланган уйдирма ҳисоботни тақдим этди», дея маълумот берди идора. Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари эмас, балки 2023 йил 7 октябрда Фаластиннинг Ҳамас ҳаракатининг ҳужуми «геноцид» бўлди, лекин Исроил томони фақат ўзини ҳимоя қилди ва «халқаро қонунларга тўлиқ риоя қилган ҳолда» ҳаракат қилди, дея таъкидлади вазирлик.

Мавзуга оид