Европа Иттифоқи Гуржистон билан визасиз режимни бекор қилиши мумкин
Нидерландия ҳукумати Европа Иттифоқи раҳбариятига Гуржистон билан визасиз режимни бекор қилиш таклифини берди.
Нидерландия ҳукумати Европа Иттифоқи раҳбариятига Гуржистон билан визасиз режимни бекор қилиш таклифини берди. Бу мамлакат ҳукумати евроинтеграцияни бекор қилганидан кейин бошланган норозилик намойиши иштирокчилари куч билан тарқатилгани билан боғлиқ, дейди Нидерландия ташқи ишлар вазири Каспар Велдкамп.
«Намойишчилар ва журналистларга қарши зўравонлик, шунингдек, Гуржистонда сиёсатчиларнинг ҳибсга олиниши номақбул иш. Мана нима учун Нидерландия ЕИни Гуржистон билан визасиз режимни тўхтатишга чақиради», — деб ёзади Велдкамп Х ижтимоий тармоғига. Шунингдек, у Литва, Латвия ва Эстония томонидан «Гуржистон орзуси» партияси асосчиси ва республиканинг юқори мартабали амалдорларига қўлланган санкцияларни олқишлади.
Шунингдек, Украина президенти Володимир Зеленский 5 декабр куни Гуржистоннинг амалдаги ҳукумати айрим вакилларига қарши санкциялар жорий этилишини эълон қилганди. Имзоланган қарорда 19 нафар сиёсатчининг исми келтирилган — Киев уларни Тбилисидаги норозилик акцияси иштирокчиларини куч билан тарқатишга алоқадор деб ҳисобламоқда.
Ўз навбатида, Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен ҳам АҚШ грузин ҳукуматига нисбатан санкциялар жорий этишга тайёрлигини маълум қилган. «Гуржистондаги демократик жараёнлар ёки институтларга путур етказаётганлар, жумладан, Гуржистон фуқароларининг тинч йиғинлар ва сўз эркинлиги ҳуқуқини бўғувчилар жавобгарликка тортилади», — деган Блинкен. У ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партиясини фуқароларга нисбатан репрессия, ҳибсга олишлар ва зўравонликни тўхтатишга, шунингдек, митингда ҳибсга олинганларни озод этишга чақирган.
Мавзуга оид
11:31 / 23.12.2024
Зурабишвили: Гуржистон президенти ва бош қўмондони бўлиб қоламан
19:23 / 22.12.2024
Гуржистон бош вазири Кобахидзе президент Зурабишвилига жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилди
13:47 / 21.12.2024
Еврокенгаш бош котиби: Тбилиси ташқи таъсирга оид қонунни ўзгартиришга ваъда берди
20:54 / 20.12.2024