“Жарроҳнинг ўз қабристони бор” — кардиожарроҳ ҳикояси
Озодбек Мўйдинов Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази кардиожарроҳлик бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди. У айни пайтда юрак касалликлари билан оғриган болаларни жарроҳлик йўли билан даволаб келмоқда. Шифокор Kun.uz мухбири билан суҳбатда операция жараёнининг мураккаб томонлари, болаларда учраётган касалликлар, соҳанинг бугунги кундаги ҳолати ҳақида сўзлаб берди.
“Шифокорлик соҳасига, айниқса, хирургияга қизиқиш болаликдан бошланди. Юрак жарроҳлиги бўйича институтга кирдик...
Йўналишим бўйича Россияда таҳсил олдим, Беларус ва кўпроқ Украина давлатларида ҳам бўлдим. Тажриба орттириб юртимизга қайтиб келдим ва энди Фарғонадаман.
Чет элда юрган кўплаб ватандошларимизни юртга чақириб бирга ишлаш таклифини бердим, лекин улар негадир қайтишмади...
Илк операцияни ассистентлар билан 2017 йилда бошлаганмиз; қўрқув бўлган, албатта. Юрак операциясини кичик тирқиш орқали, яъни юракни тўхтатмасдан қилганмиз ўшанда.
Хирургия соҳасида, агар қўрқув бўлса, бир нарсага эриша олмайсиз. Умримизнинг тўқсон фоизи шифохонада ўтади. Кўп шифокорлар ўз оиласига жуда кам вақт ажратади, чунки ота-оналар болаларини бизга ишониб топширади. Уларнинг ишончини оқлашимиз шарт. Агар бу ишончни суиистеъмол қилсак, бундан ёмони йўқ. Болажонларимизнинг дардига малҳам бўлолмаймиз.
Шифокор масъулияти алоҳида мавзу. Операцияни қилиб бўлиб, “бўлди, кетди энди” дейиш бу хиёнат. Кўчада темир ёки машина бўлса, уриб юборсангиз, янги машина олиб берасиз, лекин инсонни ҳаётга қайтариш жуда мушкул. Хирургнинг қаҳри қаттиқ дейишади. Тўғри, қаҳри қаттиқ бўлиши керак, чунки кўп нарсани кўнглига оладиган бўлса, жарроҳ ҳам касал бўлиб қолади ёки бошқа нарсаларга берилиб кетади.
Отам кўп гапирадилар: “Ҳамма нарса Аллоҳдан, пешонасига нима ёзилган бўлса, ўшани кўради.” Ҳар операцияга кирганимда “Бисмиллоҳ”ни айтиб, Аллоҳга таваккал қиламан. Ишимнинг ривожини бергин, болажонимизни эсон-омон ота-онаси бағрига яхши ҳолатда қайтаришимга ёрдам бер”, деб бошлайман.
Иш жараёни ҳар хил тугаши мумкин. Бўлиши мумкин йўқотишлар, энди бу жараённи айтиб берадиган бўлсам жуда қийин.
Ҳар бир жарроҳнинг ўз қабристони бўлади, дейишади қўпол қилиб айтганда. Бизники ҳам бор, бошқа докторларники ҳам бор. Операция жараёни бола ҳолатига қараб ҳар хил тугаши мумкин. Бола нобуд бўлгандан кейин ота-онага бу ҳақда айтиш азоб, қийналамиз. Лекин шундай ота-оналар борки, фарзандни Аллоҳ берди бизга, жон ука, ё жон доктор, яна ўзи олди деб далда беришади. Йиғлаган кунларимиз кўп бўлади.
Доктор ҳеч қачон ёмон натижа билан тугасин деб операция қилмайди. Ота-оналар қилаётган меҳнатимизни кўриб туриб раҳмат айтишади. Ҳар ким хато қилиш имконига эга, лекин шифокор хатоси қимматга тушади.
Мен ҳам отаман. Фарзандларим борлигини ҳисобга олиб, ота-оналарнинг оғир ҳолатларини тасаввур қилиш қийин. Ўз фарзандимнинг кичик жароҳати ҳам менда оғриқ келтиради.
Бу касбда стресс кўп. Бу жараёнда меҳнат қилаётганимизни кўпчилик тушунмайди. Жарроҳ ҳар томонлама кучли бўлиши лозим. Керак бўлса қаҳрингиз қаттиқ бўлиши керак ва тезлик, билим жуда муҳим. Тез ишламасангиз, вақтдан ютқазиб қўясиз. Чунки жарроҳлик амалиётида юракни вақтинча тўхтатиб қўйганингизда маълум бир вақтларгача юрак тўхтайди. Юракнинг тўхтаб туриши касал учун ҳар бир дақиқаси жуда катта жароҳат ҳисобланади. Ишга зеҳн, идрок ва меҳр билан ёндашиш жуда муҳим.
Тезлик билан ҳаракат қилсангизгина, касални уйғотишга, тезроқ жонлантиришга имкон туғилади. Тезлик, илм, меҳр – бу нарсалар ҳаммаси мужассам бўлса, қилаётган ишларингизни амаллайсиз. Натижа бўлади. Бу биргина менга эмас, жамоамнинг тезлигига ҳам боғлиқ.
Мураккаб операциялар ҳозирги кунга келиб вилоятнинг ўзида қилиняпти. Ҳатто бошқа чет элларда қилинмаётган мураккаб операциялар ҳам амалга ошириляпти. Кундан кунга устимизда ишлаяпмиз, изланяпмиз”, — дейди кардиожарроҳ Озодбек Мўйдинов.
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров
Мавзуга оид
23:01 / 27.11.2024
Фарғонада 750 млн сўмлик iPhone телефонларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди
12:39 / 12.11.2024
Фарғонада коррупцияга қарши курашувчи мансабдорнинг ўзи коррупция билан қўлга тушди
13:10 / 10.11.2024
“Баҳордан бошлаб қишга тайёрланамиз” – қиш қаршисидаги фарғоналиклар
10:06 / 10.10.2024