Жаҳон | 07:50
2676
3 дақиқада ўқилади

Трампнинг Украина бўйича махсус вакили Киевга боришни режалаштирмоқда

Трамп Украина ва Россия Федерацияси бўйича махсус элчи этиб танлаган Кит Келлог январ ойида Европанинг бир қанча пойтахтларига, жумладан Киевга ҳам ташриф буюришни режалаштирмоқда. Москва бу рўйхатда йўқ, деб ёзади Reuters.

Кит Келлог Фото: AP / Andrew Harnik

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Украина ва Россия Федерацияси бўйича ўзининг махсус вакили этиб танлаган истеъфодаги генерал Кит Келлог январ ойи бошида Европанинг бир қанча пойтахтларига, жумладан Киевга ҳам ташриф буюришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 17 декабр, сешанба куни Reuters ахборот агентлиги хабар берди. Унга кўра, Москвага ташриф ҳали Келлогнинг режаларига киритилмаган.

Агентлик суҳбатдошларининг айтишича, Келлог Киевда Украина раҳбарияти билан учрашмоқчи. Бундан ташқари, унинг жамоаси Париж ва Римда юқори мартабали сиёсатчилар билан учрашувлар тайёрламоқда. Мақсад Украинадаги урушни тугатиш бўйича унчалик фаол музокаралар эмас, балки АҚШнинг янги маъмурияти учун маълумот тўплаш, дея аниқлик киритди Reuters манбалари.

Шунингдек, Келлогнинг Европа бўйлаб сафар режаси ҳали ишлаб чиқиш босқичида эканлиги ва унинг асосий нуқталари ўзгариши мумкинлиги хабар қилинган.

АҚШ янги президентининг инаугурацияси 2025 йил 20 январга белгиланган. Reuters суҳбатдошларининг қайд этишича, Келлогнинг бундан олдин Европага бориш нияти Трамп Украинадаги келишувга катта аҳамият бераётганидан далолат беради.

АҚШнинг ГФРдаги собиқ элчиси «қийин» давлатлар бўйича махсус элчи бўлади

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп АҚШнинг Германиядаги собиқ элчиси Ричард Гренелни «махсус ишлар бўйича махсус элчи» этиб тайинлашга қарор қилди. У Вашингтон билан муносабатлари кескин ёки беқарор бўлган мамлакатлар ва минтақаларга юборилиши кутилмоқда. «Рик дунёдаги энг қийин ҳудудларда, жумладан, Венесуэла ва Шимолий Кореяда ишлайди», — деб ёзган Трамп 14 декабр куни Truth Social саҳифасида.

У Гренелнинг келгуси вазифаларини батафсил тасвирлаб бермади. Президент Доналд Трампнинг биринчи муддати давомида, 2017 йилдан 2021 йилгача Ричард Гренелл АҚШнинг Германиядаги элчиси, Сербия ва Косоводаги тинчлик музокаралари бўйича президентнинг махсус элчиси ҳамда Миллий разведка директори вазифасини бажарувчи лавозимларида ишлаган.

Сайлов кампанияси давомида Гренелл Трампни фаол қўллаб-қувватлаган ва кўпчилик томонидан АҚШ давлат котиби лавозимига номзод сифатида кўрилган. Бироқ, бу лавозим охир-оқибат Флоридадан сенатор Марко Рубиога ўтади. Кузатувчиларга кўра, Гренеллни ишга жойлаштиришнинг яна бир варианти АҚШнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили лавозими бўлган. Бироқ бу лавозимга 80 ёшли нафақадаги генерал-лейтенант Кит Келлог номзоди илгари сурилди.

АҚШ президентлари ўз мамлакатлари вакиллари сифатида кўпинча икки томонлама муносабатлар доирасидан ташқарига чиқадиган, элчихона раҳбарлари томонидан кўриб чиқилмайдиган мавзулар ва инқирозларга эътибор қаратиши учун махсус вакилларни тайинлайди, дея эслатади Reuters.

Мавзуга оид