Жаҳон | 22:03 / 18.12.2024
2763
2 дақиқада ўқилади

Япония келгуси йилда мудофаа харажатларини рекорд даражада оширади

Японияда 2025 молиявий йилда давлат бюджети 735 млрд долларга яқинлашади. Бунда мудофаа харажатлари мамлакат тарихида илк бор 52 млрд доллардан ошиши кутилмоқда.

Фото: AP

Япония ҳукумати 2025 молиявий йил учун (2025 йил апрелдан бошланади) рекорд даражадаги мудофаа харажатларни ўз ичига олувчи бюджет лойиҳасини тасдиқлатишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Kyodo агентлиги.

Қайд этилишича, келгуси йилда мамлакат бюджети 113 триллион иенадан ошади (735 миллиард долларга яқин). Бунда мудофаа харажатлари Япония тарихида илк бор 8 триллион иенадан (қарийб 52 миллиард доллар) ошиши мумкин. Ҳарбий бюджетнинг оширилиши ҳукумат томонидан тасдиқланган мудофаа потенциалини ошириш стратегияси ва қуролланишга зарба берувчи қуролларни қабул қилиш доирасида амалга оширилмоқда.

Япония Соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазирлиги рекорд миқдордаги 34 триллион иена (220 миллиард доллар) сўраган бўлиб, бу аҳолининг қариш шароитида ижтимоий таъминот харажатлари ортаётгани билан боғлиқ.

Мамлакатдаги барча вазирлик ва идоралар томонидан сўралган умумий сумма 117,6 триллион иенадан (762 миллиард доллардан зиёд) ошади. Молия вазирлиги ҳозирда барча сўровларни кўриб чиқмоқда.

Бюджет лойиҳаси келаси йил бошида парламентга киритилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йили дунёда ҳарбий харажатлар 10,4 фоизга ошиб, 2,12 триллион долларга етган эди. Бунга асосий сабаб сифатида Украина ва Ғазо секторидаги можаролар, шунингдек, Қизил денгиз минтақасидаги вазиятнинг кескинлашуви келтириб ўтилган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид