Жаҳон | 19:57 / 25.12.2024
1553
2 дақиқада ўқилади

Хитойда ёлғиз инсонларни оила қуришга ундовчи тарғиботлар кучайтирилди

Хитойда туғилиш сони камайиб кетаётгани сабаб ёлғиз инсонлар ўртасида оила қуришни ва кўпроқ фарзанд кўришни тарғиб қилиш ишлари кенгайтирилди. Маҳаллий ҳукумат иккинчи туғилган бола учун 14 минг долларгача пул ваъда қилмоқда.

Хитой ёлғиз инсонларни оила қуришга, оилаларни эса биттадан кўп фарзанд кўришга ундаш мақсадида туғилишни рағбатлантириш кампаниясини кенгайтирди. Financial Times’нинг ёзишича, рағбатлантириш тадбирлари маҳаллий ва миллий даражада амалга оширилмоқда.

Жойлардаги расмийлар оилали аёлларга қўнғироқ қилиб, уларнинг фарзанд кўриш борасидаги режалари билан қизиқмоқда. Хитой аҳолиси билан суҳбатдан ҳамда ижтимоий тармоқлардаги постлардан маълум бўлишича, шу каби суҳбатлардан кейин кўплаб аёллар саломатлигини текшириш мақсадида консултацияга таклиф қилинмоқда.

Таъкидланишича, ҳозирда бир ёки ундан ортиқ фарзанди бор оилаларга қўшимча туғилган бола учун махсус тўловлар берилмоқда. Жэцзян шаҳрида яшовчи аёлнинг сўзларига кўра, маҳаллий ҳукумат иккинчи туғилган фарзанд учун 100 минг юан (14 минг доллар) ваъда қилган.

Бундан ташқари, университетлар зиммасига ёлғиз талабалар учун мўлжалланган «никоҳ ва севги курсларини» жорий этиш мажбурияти юкланган. ХХР Соғлиқни сақлаш ишлари бўйича давлат қўмитасининг маълум қилишича, «университетлар — талабалар ўз севгисини топиши мумкин бўлган муҳим жой» ҳисобланади.

Қўмита томонидан талабалар орасида ўтказилган сўров натижаларида респондентларнинг 57 фоизи ҳозирча оила қуриш ниятида эмаслигини, чунки ўқиш билан бирга кўп ишлашга мажбур бўлаётганликларини билдирган.

Аввалроқ Хитойда 2024 йилда рўйхатдан ўтказиладиган янги никоҳлар сони ушбу ҳисобни юритиш бошланганидан бери энг паст кўрсаткичга тушиб кетиши тўғрисида хабар берилганди. Фуқаролик ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, 2024 йилнинг биринчи чорагида Хитойда 4,74 миллион жуфтлик никоҳдан ўтган, бу ўтган йилнинг мос даврида оила қурганларга нисбатан 16,6 фоизга кам.

Мавзуга оид