Жаҳон | 00:14 / 28.12.2024
8852
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Ливанда Башар Асаднинг қариндошлари ҳибсга олинди

Ливан аэропортида Башар Асаднинг амакиваччасини рафиқаси ва қизи сохта паспортлар билан мамлакатни тарк этишга уринганида қўл тушди.

Фото: Kataeb

Ливан аэропортида Сурия собиқ президенти Башар Асаднинг амакиваччаси Дурейд Асаднинг рафиқаси ва қизи ушланди. 

Улар сохта хорижга чиқиш паспортлари ёрдамида Ливанни тарк этишга уринганида қўлга тушгани айтилмоқда.

Қайд этилишича, аёллар Байрутдан Қоҳирага учмоқчи бўлган. Асаднинг қариндошлари қўлга олинганидан кейин Ливан прокуратураси уларни сохта ҳужжатларни сақлаш айблови билан ҳибсда қолдириш бўйича қарор чиқарган.

Бунга қадар Ливан ҳуқуқ-тартибот органлари мамлакат ҳудудида Сурия собиқ рабариятининг юқори мартабали сиёсатчилари ва куч тузималари вакиллари яширинаётганини расман рад этганди.

Дурейд Асад — Ҳофиз Асаднинг 1984 йилда ҳокимиятни эгаллашга уринган укаси Рифат Асаднинг ўғлидир. Тўнтариш амалга ошмагач, у Францияга қочиб кетган эди. 2021 йилда Башар Асад 87 ёшли амакисининг Сурияга қайтишига рухсат берган, фақат у сиёсат билан шуғулланмаслиги керак эди. Араб ОАВнинг маълум қилишича, Дамашқдаги воқеалардан кейин Рифат Асад оиласи билан Ливанга ўтиб кетган.

8 декабр куни Сурияда 24 йилдан бери ҳокимият тепасида бўлиб келган Башар Асад режими қулади. Асад президентлик лавозимини ташлаб, қочиб кетди ва Россиядан бошпана олди. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Башар Асад ва унинг оиласига бошпана бериш тўғрисидаги қарорни шахсан Путиннинг ўзи қабул қилган.

Аввалроқ The Wall Street Journal Суриядаги режим қулагач, бутун дунё бўйлаб Башар Асад оиласи томонидан ҳокимиятдаги 50 йилдан ошиқ вақт давомида тўпланган миллиардлаб доллар қийматдаги нақд пуллар ҳамда активлар учун «глобал ов» бошлангани ҳақида ёзганди. Манбаларга кўра, 2021 йилда бутун Суриянинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) атиги 8,98 миллиард долларни (8,54 миллиард евро) ташкил этганига қарамай, Башар Асад оиласининг активлари қиймати 12 миллиард долларга (11,4 миллиард евро) етиши мумкин.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид