Жаҳон | 16:22 / 01.01.2025
6240
2 дақиқада ўқилади

«Газпром» Украина орқали Европага газ етказиб беришни тўхтатди

Россия ва Украина компаниялари ўртасидаги газ таъминоти бўйича келишувлар муддати ниҳоясига етди.

Фото: Roman Pilipey / EPA / ТАСС

Россиянинг «Газпром» компанияси Украина орқали Европага газ етказиб беришни тўхтатганини эълон қилди.

«2025 йил 1 январ куни 2019 йил 30 декабрда имзоланган қуйидаги ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугади: «Газпром» ва Украинанинг «Нафтогаз» компанияси ўртасида Россия газини Украина ҳудуди орқали ташишни ташкил этиш бўйича келишув ва «Газпром» билан «Оператор газотранспортной системы Украины» компанияси ўртасидаги шартнома», дейилади компания хабарида.

Украина ҳукумати томонидан 2023 йил охирида эълон қилинган маълумотларга кўра, Россия газининг мамлакат бўйлаб қувурлар орқали Европага етказилаётган ҳажми 2022 йилга нисбатан 28 фоизга камайиб, 15 миллиард куб метрни ташкил қилган.

Украина бу шартномадан йилига тахминан 1 миллиард доллар, «Газпром» эса йилига 3 миллиард доллардан ортиқ даромад олаётган эди.

Россия газини Европага етказадиган асосий қувурлар – «Шимолий оқим-1», «Шимолий оқим-2» ва «Ямал-Европа» ҳозир ишламаяпти, Украина орқали етказиб бериш тўхтатилса, ягона йўналиш Туркия бўлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид