Макрон сиёсий келишмовчиликлар учун масъулиятни ўз зиммасига олишини айтди
Франция президенти парламент сайловларини ўтказиш борасидаги қарори туфайли юзага келган сиёсий зиддият бўйича масъулиятни ўз зиммасига олишини маълум қилди.
Франция президенти Эммануэл Макрон ёзда муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказиш борасидаги қарори туфайли юзага келган сиёсий зиддият бўйича масъулиятни ўз зиммасига олишини маълум қилди. Унинг айтишича, мазкур қадам «тинчликдан кўра, кўпроқ беқарорликка» олиб келган.
«Тан олишим керакки, тарқатиб юбориш француз халқи учун ечимлардан кўра кўпроқ бўлинишларга олиб келди. Мен буни тўлиқ тан оламан», — дейди Макрон ўз мурожаатида.
Франция президенти, шунингдек, аҳолига «муҳим масалалар бўйича қарор қабул қилишни» сўраган. FT’нинг қайд этишича, гап 2025 йилда ўтказиладиган референдум тўғрисида бўлиши мумкин.
Elabe консалтинг компаниясининг декабр ойидаги сўровлари натижасига кўра, Макроннинг халқ орасидаги машҳурлиги рекорд даражадаги 21 фоизга тушиб кетган. Президентнинг рақиби, «Миллий бирлашув» партияси етакчиси Марин Ле Пен Янги йил мурожаатида «тўлиқ обрўсизланган давлат раҳбарининг кечиккан афсуслари ёки расмий илтимослари ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини» таъкидлади. У Макронни муддатидан олдин президент сайловлари ўтказишга очиқ чақирмади, аммо 2025 йил «ҳал қилувчи» бўлишини ва Франция ўз муаммоларини фақат «демократик қарорлар» орқали ечиши мумкинлигини маълум қилди.
2024 йилда Франция ҳукумати тўрт маротаба алмашди. Январ ойида жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлган пенсия ислоҳотини илгари сурган Элизабет Борн ҳукумат раҳбарлигидан кетганди.
2024 йил июнда эса Макрон Европарламент сайловларида Ле Пен партияси ғалаба қозонганидан кейин Миллий Ассамблеяни тарқатиб юборди. Сентябр ойида Макрон консерватор Мишел Барнени бош вазир этиб тайинланди. Бирорта партия кўпчилик ўринга эга бўла олмагани боис янги ҳукумат уч блокка бўлинди. 2025 йил бюджети учун юзага келган келишмовчилик сабаб маҳкама ишончсизлик вотуми орқали истеъфога жўнатилди.
13 декабр куни Францияда ҳисоб бўйича тўртинчи ҳукумат шакллантирилди. Макрон ўз иттифоқчиси Франсуа Байруни бош вазир этиб тайинланди.
Мавзуга оид
23:06 / 06.01.2025
Макрон Илон Маскни Германиядаги сайловларга аралашишда айблади
20:51 / 06.01.2025
Парижда собиқ президент Саркози Қаззофий фондидан 50 млн евро олгани бўйича суд эшитуви бошланди
00:58 / 04.01.2025
Le Figaro: французларнинг 60 фоиздан ортиғи президент Макроннинг истеъфоси тарафдори
22:20 / 03.01.2025