Жаҳон | 23:01 / 09.01.2025
3683
2 дақиқада ўқилади

Саломе Зурабишвили ҳамон ўзини Гуржистон президенти деб ҳисобламоқда

Гуржистоннинг янги президенти Михаил Кавелашвили инаугурацияси 29 декабрда бўлиб ўтганди. Кавелашвили Конституцияда назарда тутилган президентлик қасамёдини қабул қилган. Шундан кейин Саломе Зурабишвили президент қароргоҳидан чиқиб кетганди.

Фото: DW

Гуржистон собиқ президенти Саломе Зурабишвили олдингидек ўзини давлат раҳбари деб ҳисобламоқда ва мамлакатда демократияни қўллаб-қувватлашни давом эттириш ниятида. Бу ҳақда 9 январ куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

«Менинг курашим охиригача давом этади, чунки мен ушбу мамлакатнинг президентиман, зиммамда катта масъулият бор — мамлакатни тинчликка элтиш», — дейди у.

Зурабишвили, шунингдек, Тбилисида президентлик қароргоҳининг «давоми бўладиган» янги офиси очилишини эълон қилди. «У балки Орбелиани саройи каби эмасдир, аммо бу ерда руҳ ва интилиш бор», — дея таъкидлайди у.

Зурабишвилининг сўзларига кўра, Гуржистонда ҳозирда кузатилаётган вазият анчадан бери юз бермаган. Мамлакатдаги бирор-бир институт тегишли тартибда фаолият юритмаяпти. Шунингдек, у АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп инаугурациясига боришини маълум қилган.

Гуржистоннинг янги президенти Михаил Кавелашвили инаугурацияси 29 декабр куни бўлиб ўтганди. Кавелашвили Конституцияда назарда тутилган президентлик қасамёдини қабул қилган. Маросимга хорижий элчилар ҳам, чет эллик меҳмонлар ҳам таклиф қилинмаган. Унда фақат депутатлар, ҳукумат аъзолари, Гуржистон православ черкови вакиллари, шунингдек, конституциявий органлар вакиллари иштирок этган. Шундан кейин Саломе Зурабишвили президент қароргоҳидан чиқиб кетган, аммо ваколатлари тугамаганини айтган эди.

 

Мавзуга оид