Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Honda 300 мингга яқин автомобилини чақириб олади
АҚШ регуляторига кўра, ушбу машиналарнинг электрон тормозланиш тизими автоматик равишда ишлаб кетмоқда.
АҚШда Honda маркасидаги 295 минг донадан ортиқ автомобил чақириб олинади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги миллий бошқармасига (NHTSA) кўра, бунга электрон тормозланиш тизими автоматик ишлаб кетаётгани сабаб бўлган, деб ёзади Reuters.
Америка регуляторининг ҳисоблашича, ушбу нуқсон кескин тормозланиш сабаб тўқнашув хавфини ошириши мумкин.
Чақириб олинадиган автомобиллар қаторидан 2019-2022 йилларда ишлаб чиқарилган Honda Passport ва Honda Insight моделлари ўрин олди. Honda компанияси, ўз навбатида, бу каби нуқсон билан боғлиқ 412 та ҳолат аниқланганини маълум қилди.
Декабр охирларида Tesla компанияси шиналарда босимни назорат қилиш тизимидаги муаммолар сабаб АҚШдаги 694 мингдан зиёд автомобилини чақириб олиши маълум бўлганди. Ундан олдин эса АҚШ Йўл ҳаракати хавфсизлиги миллий бошқармаси Hyundai Tucson ва Santa Cruz автомобиллари тормоз тепкиси босилмаган тақдирда ҳам «автотураргоҳ» режимидан чиқиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.