Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мексика президенти: Ноқонуний мигрантлар ўз мамлакатига депортация қилинади
Мексика расмийлари ноқонуний мигрантлар ҳолати юзасидан АҚШ расмийлари билан музокаралар олиб бормоқда.
АҚШ ҳудудига ўтиш учун Мексикага келган ноқонуний мигрантлар ўз мамлакатига қайтарилади. Бу ҳақда Мексика президенти Клаудия Шейнбаум Мехикодаги Миллий саройда ўтказилган брифингда маълум қилди, деб хабар берди Anadolu.
«Марказий Американинг барча давлатлари, хусусан, Гватемала билан келишув мавжуд ва ҳатто яқинда шу мақсадда учрашув бўлиб ўтди. Куба билан ҳам келишув мавжуд. Ноқонуний мигрантлар Мексика ҳудудига эмас, балки келган мамлакатига жўнатилиши керак», деб таъкидлади давлат раҳбари.
Шу билан бирга, президент Мексикадаги ноқонуний мигрантларга гуманитар ёрдам кўрсатилишига ишонтирди.
«Агар бу одамлар Мексикада бўлса, биз уларга гуманитар сабабларга кўра эътибор берамиз, аммо иммиграция сиёсатимизнинг бир қисми сифатида биз уларнинг ўз ватанига қайтишини хоҳлаймиз», деди Шейнбаум.
Президентнинг қайд этишича, Мексика расмийлари мигрантлар ҳолати юзасидан АҚШ расмийлари билан музокаралар олиб бормоқда. Давлат раҳбарининг қўшимча қилишича, у ҳокимиятга келганидан бери биринчи навбатда мигрантларни ихтиёрий равишда ватанига қайтаришни рағбатлантирган.
Аввалроқ, АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатдаги мигрантлар билан боғлиқ вазиятга эътибор қаратиб, АҚШ-Мексика чегарасида фавқулодда ҳолат эълон қилган ва назорат-ўтказиш пунктларини ёпган эди. Шунингдек, у ноқонуний мигрантлар оммавий депортация қилинишини айтди.
Мексика АҚШ ҳудудига ўтмоқчи бўлган ноқонуний мигрантлар учун асосий тарнзит мамлакати ҳисобланади.