“Чорсу”да 4 минг, “Фарҳод”да 10 минг – картошка нархлари қандай тебраняпти?
Бозор ва савдо дўконларида картошка нархлари бир ой олдинга нисбатан сезиларли ошган. Тури ва етиштирилган мамлакатига қараб 7 мингдан 10 минг сўмгача сотилмоқда. Kun.uz мухбири пойтахтда картошка нарх-навосини ўрганиш чоғида Фарҳод бозоридан чиқиб Чорсуга етиб келгунича ярмаркадаги 7 минг сўмлик картошка 4 минг сўмга “арзонлаб” қолганининг гувоҳи бўлди.
19 январ куни Қозоғистоннинг бир қатор вилоятларида картошка нархи кескин ошиб кетгани туфайли ҳукумат ушбу маҳсулотнинг учинчи давлатга экспортини олти ойга чеклади. Бунинг фонида Ўзбекистонда ҳам картошка қимматлашди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу маҳсулотнинг захираси етарлича экани ва захиралар ички бозорга чиқариб борилаётганини маълум қилган. Аммо картошка нархлари ошишининг аниқ сабабини келтирмаган. Kun.uz мухбири картошка нархларини ўрганиш мақсадида “Фарҳод” деҳқон бозорига борди. Даставвал, бозор маъмурияти журналистик фаолиятни эркин олиб боришга халақит бериб, тасвирга олиш учун рухсат сўраш кераклигини таъкидлади. Шундай бўлса-да, сотувчилар ва харидорлар картошка нархлари бўйича ўз муносабатини билдирди. Унга кўра, картошка 8 мингдан 12 минг сўмгача савдога қўйилган.
“Картошка 10 минг бўляпти, тўғриси, келиши қиммат келяпти, биз оддий савдогармиз, ҳеч нарса қилолмаймиз. Бир ҳафта олдин 7-8 минг эди, 2-3 кунда 2 минггача кўтарилди”, – дейди сотувчилардан бири.
Шунингдек, бозорда картошка харид қилган фуқаролар ҳам бир неча ҳафта олдин картошка 6-7 минг бўлганини, нархларни арзонлаштириш кераклигини айтди. Шундан сўнг, Kun.uz Чилонзор туманида жойлашган Корзинка супермаркети, Ҳавас дискаунтери ва кичик савдо дўконларида бўлди. Уларда картошка ўртача 9-10 минг сўм атрофида сотилмоқда. Айрим дўконларда картошка нархлари бозордагиларидан фарқ қилмайди. Фақат сифат жиҳати ажратиб туриши мумкин холос.
Кейинги манзил Шайхонтоҳур туманида жойлашган Эски жўва бозори бўлди. Бозор маъмурияти ходимларидан бири даставвал Фарҳод деҳқон бозорига борганимиздан хабардор эканлигини айтиб, ҳудудда ташкил этилган ярмаркалар томон бошлади. У картошка нархлари 4 минг сўм этиб белгиланганини маълум қилди. “Эски жўва” бозори савдо бўлими ходими Саидалихон Турсуновнинг Kun.uz'га айни дамда мазкур бозорнинг ўзи учун ўртача 600 тонна картошка захираси шакллантирилганини билдирди.
“Феврал ойида картошкаларимиз тортилишини ҳисобга олиб Самарқанд, Сурхондарё ва Келесда захира қилиб қўйганмиз. Картошка камайган сари 4 минг сўмдан тўлдириб боряпмиз, бир кунда ярмаркамизда 5-6 тонна картошка сотиляпти. Шанба, якшанба кунлари ундан кўпроқ ҳам кетади”, – дейди Саидалихон Турсунов.
Савдо бўлими ходими бир турдаги картошка турли нархларда сотилишига ҳам изоҳ берди.
“Бу очиқ савдо, бозор ярмаркаси эмас. Улар “Food City” ва вагонлардан олиб келиш харажатларига қараб сотишади. Биз шу ерда ярмарка ташкил қилиб, аҳолининг арзонлаштирилган картошка билан таъминланишини назорат қилиб борамиз”, – дейди Саидалихон Турсунов.
Бир нечта фуқароларнинг Kun.uz'га айтишича, арзонлаштирилган картошкаларнинг асл нархи 1-2 соат олдин 7 минг сўм бўлган. Бироқ тасвирга олиш жараёнларида ярмаркадаги картошкалар 4 минг сўмдан сотилди.
“Эски жўва” бозоридаги бошқа савдо нуқталарида асосан хориж давлатларидан импорт қилинган картошкалар 9 мингдан 11 минг сўмгача савдога қўйилган.
Қайд этиш жоиз, 21 январ куни Янги Қўйлиқ деҳқон бозорида йил бошидан бери картошка нархи 37–85 фоизга қимматлагани ҳақида хабар берилган эди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги берган маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг картошкага бўлган йиллик талаби 4 миллион тоннани ташкил этади. Хусусан, 2024 йилда жами 3,7 миллион тонна, шундан асосий майдонда 2,7 миллион тонна ва такрорий экин сифатида 1 миллион тонна картошка етиштирилган.
Тавсия этамиз
Самарқанд шаҳрига кириш йўллари вақтинча ёпилади
Ўзбекистон | 21:35 / 30.03.2025
Дунё бўйлаб Рамазон ҳайити қандай кутиб олинди – фотолар
Жаҳон | 20:30 / 30.03.2025
АҚШ «Толибон» билан алоқа ўрнатяптими?
Жаҳон | 16:25 / 30.03.2025
Германиядаги шаҳарча газетада эълон бериб, янги ҳоким ахтармоқда
Жаҳон | 07:57 / 30.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Австралияда сув тошқинлари оқибатида 100 мингдан ортиқ чорва нобуд бўлди
Жаҳон | 23:24 / 01.04.2025
-
Хитойда биринчи марта операторларга учар таксилардан фойдаланишга рухсат берилди
Фан-техника | 23:16 / 01.04.2025
-
Украинада 20 км масофага уча оладиган оптик толали FPV-дронлар синовдан ўтказилди
Жаҳон | 23:14 / 01.04.2025
-
Демократ Сенатда Трамп сиёсатига қарши 17 соат нутқ сўзлади
Жаҳон | 23:06 / 01.04.2025
Мавзуга оид

09:33 / 28.03.2025
Бозорларга эгалик қилишда ҳокимликларнинг иштироки тўғрисидаги талаб бекор қилинади

12:42 / 18.03.2025
Иккиламчи автомобил бозори: Lacetti, Cobalt, Spark ва Onix нархи арзонлашди

12:10 / 15.03.2025
“Йилда фақат 1 ой бўлади” — Марғилоннинг Рамазон бозори ҳақида

21:10 / 28.02.2025